Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда
Навоий вилоятида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан, Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтмоқда.Мазкур фестиваль ёшларни ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар, ҳаётимизда рўй бераётган демократик ўзгариш ва янгиланишлар билан яқиндан таништириш, уларда дахлдорлик туйғусини кучайтириш орқали “оммавий маданият” ва бошқа иллатлар таъсиридан асраш, навқирон авлодни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган.
Фестивал доирасида вилоятдаги турли туманларда, ўқув муассасаларда эстрада юлдузлари билан бирга ижодий учрашувлар ўтказилиб, маҳаллий ёшлар билан ўзаро фикр алмашишмоқда. Бир гуруҳ хонандалар, булардан Манзура, Ойбек ва Нигора, Сардор Раҳимхон, Умидахон, Фарруҳ Комилов, “Уммон” гуруҳи, Али Ниёзимбетовлар ижодий учрашувларда ўз мухлислари билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларни қизиқтирган саволларга жавоблар йўллашмоқда.
Қолаверса, фестивалда хонанда Манзуранинг маъмури Жамшид ҳамда Ойбек ва Нигоранинг ижодий ҳамкори Шерзод Мардиевлар ҳам фаол иштирок этишмоқда. Уларнинг хабар беришича, бугун Навбаҳор, эртага Нурота, Учқудуқ туманларида ёшлар билан учрашишади.
Айни вақтда давом этаётган “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” фестивалидан фоторепортажни томоша қилишингиз мумкин.