Истеъдодли хонанда Шаҳло Аҳмедованинг ижодида катта бурилиш бўлмоқда
Бизга етиб келган маълумотларга кўра истеъдодли ёш хонанда Шаҳло Аҳмедованинг ижодида катта бурилиш бўлмоқда. Хонанда қўшни давлат Қозоғистон республикасида ўтказилаётган “Голос” деб номланган катта мусиқий телевизион лойиҳада Ўзбекистон республикаси номидан иштирок этмоқда.
Бу маълумотларни эшитганимиздан сўнг аниқлик киритиш мақсадида қўнғироқ қилдик. Айнан биз қўнғироқ қилган вақтда Шаҳло ўша телелойиҳанинг навбатдаги босқичида қатнашаётган экан.
Шаҳло Аҳмедова:
-Ҳозир танловнинг суратга олиш ишлари олиб борилмоқда. Менинг бу лойиҳадаги иштироким ҳақида қисқа қилиб айтадиган бўлсам, бизни Қозоғистон республикасига бир тадбирга таклиф этишган эди. У ерда табиийки шоу-бизнес вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам иштирок этишаётганди. Улардан бири менга “Голос” танловида қатнашиб кўриш таклифини билдирди. Мени ўзимда ҳам қизиқиш бўлганлиги учун бу таклифни қабул қилдим ва ўзимни синаб кўрдим. Уч босқичли танлов ўтказилди, унда 2000 дан ортиқ иштирокчи қатнашди. Улар орасидан саралаб олинганлар эса кейинги босқичга йўлланма олди. Бу йўлланма орадан маълум бир вақт ўтиб интернет почта орқали менга ҳам келди ва мен шу ердаман. Очиғини айтсам, батафсил маълумот беролмайман. Сабаби шартномага қўл қўйганмиз ва танловнинг ўз қонун ва қоидалари бор. Аммо, энг яқин фурсатда сизлар билан боғланиб PopCorn.uz сайти учун биринчи бўлиб маълумот бераман.
Биз Шаҳло Аҳмедовага омад тилаймиз ва батафсил тафсилотларни кутиб қоламиз. Кузатиб боринг...