“Фарҳод ва Ширин” картинаси ижодкорлари Самарқанд шаҳрида
Шу кунларда ўзбек кино санъатида янги картина суратга олинаётгани ҳақида хабар бергандик. Фильм ижодкорлари Тошкент шаҳридан Самарқанд томон йўл олишди.
Бунга сабаб эса “Фарҳод ва Ширин” номли фильмнинг якуний саҳнасини тасвирга олишдир. Бош ролларни Лола Йўлдошева, Умид Искандаров ва Наргиза Салмонова ижро этишмоқда.
Айтиш керакки, картинанинг сценарийси “Ўзбеккино” миллий агентлиги тасдиғидан ўтган. Муҳаббат ҳақидаги янги мелодрамма куз фаслида тақдим этилиши кутилмоқда.
Тошкент шаҳрида бир неча кунлик тасвирга олиш ишлари омадли тарзда ўтди. Самарқанд шаҳрида эса гўзал Регистон манзараси ила фильмнинг финал саҳнаси суратга олинди.
Лола Йўлдошева мазкур кино учун махсус саундтрек куйлади. Фильм номига монанд “Фарҳод ва Ширин” дея аталган қўшиқ Сарвар ва Комил томонидан тайёрланган.
Яқин кунлар ичида премьераси кутилаётган мазкур саундтрек учун видеоклип ҳам Самарқанд шаҳрида суратга олинди.