Отабек Мадраҳимов янги тарона билан танаффусга нуқта қўйди
Ўзига хос йўналишда яратилган тароналари билан ҳамон кўплаб мухлисларнинг меҳрини қозониб келган Отабек Мадраҳимов 9-июль куни "Ўзбегим Таронаси" радиоси меҳмони бўлди.
Ташрифнинг мақсади соғинган мухлисларни хушнуд этиш бўлган бўлса-да, яна бир асосий сабаби шундаки, Отабек Мадраҳимов ФМ 101.00 тўлқини орқали янги қўшиқни тақдим этди. Янги тарона премьерасидан аввал Отабек Мадраҳимов билан уюштирилган суҳбат тингловчиларнинг қизиқишига сабаб бўлиб, СМС-марказ орқали хонандага кўплаб саволлар йўллашди.
Отабек Мадраҳимов талабларга кўра, жонли ижрода ҳам қўшиқ куйлаб берди. Ҳаётий мавзудаги қўшиқнинг жонли жаранги тингловчиларнинг олқишига сазовор бўлди. Шундан сўнг, "Ўзбегим Таронаси" радиоси эфирига қўнғироқ қилиб тушган мухлислар Отабек Мадраҳимовнинг қўшиқларидан парчалар ҳам куйлаб бердилар. Бу эса хонандага ҳам, тингловчиларга ҳам яхши кайфият улаша олди.
"Азизим" дея номланган янги тарона йўналиши ва ўзига хос шўх оҳангги билан тингловчиларга маъқул келди. Премьерадан сўнг билдирилган фикрлар бунинг исботидир. Айтиш керакки, мазкур таронанинг матн ва мусиқа муаллифи айнан Отабек Мадраҳимовнинг ўзидир. Аранжировкасини эса Ботир Алиев тайёрлаган. Ушбу таронани сайтимиз орқали тинглаб, унга ўзингиз баҳо беринг. Қўшиқ хонанданинг аввалги тароналари каби хит даражасига кўтарилишига тилакдошмиз.