“Popcorn shou” янги йил концерти ҳақида батафсил
23, 24-декабрь кунлари “Истиқлол” санъат саройида “MENING YURTIM” телеканалининг энг хит тароналари “POPCORN SHOU” янги йил концертида жаранг сочди. Мазкур дастур томошабинларга байрам кайфиятини кутилмаган совғалар билан улаша олди.
Концерт дастурини Раъно Алимова ҳамда Йигитали Мамажонов очиб беришди. Ана ундан сўнг Тамила “Сени севаман” таронаси билан мусиқий чиқишларни бошлаб берди.
Ёш ва иқтидорли хонанда Моҳим “Сенсиз” композицияси билан барчани янги йил билан қутлади.
Кетма-кетликни истеъдодли хонанда Зоирбек давомлади.
Бобур Собиров ижросидаги “Қариси бор уйнинг париси бордир” қўшиғи ва рақслар жилоси барчага кўтаринки байрам кайфиятини улашди.
Концерт дастури Отабек Муталҳўжаев, Жаҳонгир, Амира Алибекова, “Афруз” гуруҳи ва Ягонанинг ёқимли тароналари кетма-кетлиги билан давом этди.
Ундан сўнг алоҳида таъриф билан саҳнага Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон таклиф қилинди ва хонанда “Санамжон” композицияси билан барчани хушнуд этди.
Навбат ёшларнинг севимли ижодкорларидан иборат бўлган “Уммон” гуруҳига берилди. Улар “Тола” таронасини куйлаб беришди. Янги ижодкорлар дея таништирилган “Божалар” гуруҳи жамоаси байрамона имиджда саҳнага ўзгача руҳда кириб келишди ва ҳаммага ҳақиқий байрамона кайфият бағишлашди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда бугунги кунда оммалашган “Яхши қол” композициясини ижро этди. “Тумор” ансамблининг қизлари бу қўшиққа мос рақс дастаси тақдим қилишди.
Дастурни Шаҳло Аҳмедова, серқирра ижодкорлар Сарвар ва Комил, ёш ва умидли хонанда Будур давом эттирди.
“INTER MEDIA RECORDS” компаниясининг илк лойиҳаси бўлмиш “Радио” гуруҳи “Талабим” таронаси билан томошабинларни янги йил билан табриклашди.
Умидахон ҳам шўх композицияси билан ҳаммага байрамона кайфият улашди.
Муниса Ризаева “Ёнар” қўшиғи билан барчани “ёндирди”. Мухлислар мириқиб рақсга тушиб, хонандани қўллаб-қувватлашди.
“Вай-вай” композицияси билан Жасур Умиров кутилмаган имиджда намоён бўлди.
Эстрадамизнинг беқиёс юлдузи Райҳон саҳнага кўринганда мухлислар қувончини яшира олмади. Унга жўр бўлиб, “Парвоз этай” қўшиғини биргаликда куйлашди.
“Юлдузлар” қўшиғи билан қизларнинг ёқимтойи Шоҳруҳхон ҳам байрам билан концертга ташриф буюрганларни қутлади.
Мухлислар Улуғбек Раҳматуллаевнинг “16-17 ёшимда” қўшиғи билан ёшликка қайтгандек бўлишди.
Мафтункор Шаҳзода “Моё чудо” таронаси билан мухлисларни янги йил билан қутлади ва байрам кайфиятини улашди.
Манзура эса бутунлай ўзгача имиджда саҳнада намоён бўлди. Кўпчилик уни танимай қолди. Божаларнинг ватанни мадҳ этувчи қўшиғи билан концерт дастурига якун ясалди. Концертга ташриф буюрганлар янги йил кайфияти билан манзилларига қайтишди. Ҳали олдинда яна бир кун бор. Демак, бизни кузатишда давом этинг.