“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида жорий йил олти ойи якунлари бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.
Куни кеча “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасида Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгашининг жорий йил олти ойи якунлари бўйича ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Кенгаш аъзолари, Бирлашма ходимлари, Эстрада санъатини ривожлантириш жамғармаси вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Дастлаб Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши раиси Иқбол Мирзонинг йиғилиш кун тартибидан ўрин олган масалаларга ўтишдан аввал Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида белгиланган долзарб вазифаларга эътибор қаратди. Ушбу қарордан келиб чиқиб Кенгаш ҳамда унинг ижрочи органи ҳисобланган “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси томонидан амалга оширилиши зарур бўлган ишларни таъкидлаб ўтди.
Маълумки, мамлакатимиздаги теле ва радиоканалларда эфирга узатилаётган, кафе ва ресторанларда мониторлар орқали намойиш этилаётган, миллий менталитетимизга тўғри келмайдиган, маънавиятимизга зид бўлган клиплар, кўрсатувлар ва эшиттиришларни бартараф этиш мақсадида Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш Кенгаши ҳузурида ягона Бадиий кенгаш тузиш вазифаси таклифи мақулланди.