Малика Эгамбердиеванинг илк яккахон концерт дастуридан
Куни кеча “Истиқлол” санъат саройида “Ниҳол” мукофотининг совриндори Малика Эгамбердиева ўзининг илк жонли ижродаги яккахон концерт дастурини тақдим этди. Мазкур дастурга ташриф буюрган томошабинлар севимли қўшиқларини жонли ижрода тинглаб мириқиб дам олишди десак муболаға бўлмайди.
Малика Эгамбердиева ватанни мадҳ этувчи қўшиғи билан концертни очиб берди. Ана ундан сўнг кетма кет тароналар ижро этилди. Жонли ижрода куйлаб, ўз иқтидорини намоён қилган хонандани барча олқишлади ва маҳоратига яна бир бор тан беришди. Шўх ва шодон мусиқий асарлар янграганда, ёш-у қари бирдек рақсга тушди. Энг эътиборлиси, концертга етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган мухлислар ташриф буюрган. Бу эса хонанданинг яна бир ютуғи десак, янглишмаймиз. Барчага бирдек ёқадиган, ёш-у қарининг кўнглини бирдек ром эта оладиган қўшиқлар яратиш ҳар бир санъаткорнинг орзуси ҳисобланади. Маликанинг бу орзуси амалга ошди дея ишонч билан айта оламиз.
Концерт учта блокдан иборат бўлди. Малика ҳам кўпгина ҳамкасблари сингари либослар бўйича Дилдора Касимовага мурожаат қилди. Дастурни Акмал Мирзо олиб борди. Шунингдек “ComedyUz” резидентлари ўзларининг чиқишлари билан мухлисларга табассум улашишди. Қолаверса, Малика Эгамбердиеванинг устози Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова ҳам шогирдини қутлаб, гулдаста тақдим этди ва жонли ижрода мухлислар жўрлигида “Орзулар” қўшиғини куйлаб берди. Концертда Ҳосила Раҳимова, Лола Аҳмедова, Ҳулкар Абдуллаева, Умидахон, Фаррух Раимов ва бошқалар иштирок этишди.
Бир сўз билан айтганда Малика Эгамбердиева имтихонни аъло баҳоларга топширди. Биз унинг ижодига улкан зафарлар тилаймиз ва бугунги концерт дастури ҳам кўнгилдагидек ўтади деб умид қиламиз.