Машҳур бренд ва актриса Зарина Низомутдиновадан навбатдаги туҳфа
Яқиндагина сайтимиз орқали актриса Зарина Низомутдинова машҳур брендлардан бири “Azucar Moreno”нинг янги коллекциясининг юзига айлангани ҳақида маълумот берган эдик. Ушбу ҳамкорлик натижаси кўпчиликка манзур келгани сир эмас. Меҳнатлари самарасини кўрган бу икки ижодкор ҳамкорликни давом эттиришга аҳд қилишди.
“Azucar Moreno”нинг асосчиси навбатдаги коллекциясини “LA pasion” деб номлади. Бу коллекциядан ўрин олган либослар испан либосларидан илҳомланган ҳолда ўзбек миллий матоларидан яратилган. Бу либосларда испан андозаларининг миллийлигимиз билан уйғунлашувини кўришингиз мумкин. Икки миллат қадриятларини сақлаб қолган ҳолда яратилган замонавий либослар коллекцияси ўрин олган фотосуратларни ҳозироқ томоша қилинг.
Мазкур коллекция қиёфаси Зарина Низомутдинова ҳамда Азиза Примкулова билан ҳамкорликда яратилган фотосессияда либосларга баҳо бериш имконига эгасиз.
Эслатиб ўтамиз, Мазкур бренднинг асосчиси 2000-йил ҳамда 2004-йил оралиғида Ўзбекистондаги кўплаб фестивалларда қатнашган ва ғолибликни қўлга киритган. Ўз билимларини мустаҳкамлаш ниятида Испанияда таълим олган дизайнер 2006-йилда “Андалусиянинг энг ёш дизайнери” номинацияси бўйича ғолиб бўлган. Шунингдек 2012 йилда Испания пойтахти Мадриднинг энг яхши ёш дизайнери номинациясига муносиб деб топилган. Шундан сўнг, у кўплаб халқаро фестивал ва кўргазмаларда қатнашди. Жумладан Барселона, Мадрид, Севилья, Берлин, Флорипа ороли ва бошқа шаҳарларда ўтказилган кўргазмаларда иштирок этган. Бу вақт ичида дизайнер дунёга машхур бўлган Италия, Испан, Немец брендлари билан ҳамкорликда фаолият олиб борган. Ҳозирда юртимизда ўз фаолиятини давом эттирмоқда.