Май ойида энг кўп томошабин тўплаган фильмлар ТОП 5-лиги
Хабарингиз бор сайтимиз узлуксиз равишда ўзбек кино ижодкорлари томонидан яратилаётган ва кўплаб томошабинларнинг назарига тушган фильмларнинг рейтингини тузиб келади. Шу йил май ойида пойтахтимиздаги кинотеатрларда етакчи бўлган картиналар рейтингини эътиборингизга ҳавола этамиз. Мазкур топ-5 таликни тузишда кинотеатрда сотилган чипталарнинг сони эътиборга олинганлигини яна бир эслатиб ўтамиз.
Демак ТОП-5 таликнинг 5-ўрни ёш умидли ижодкор Равшан Усмоновнинг илк режиссёрлик иши бўлган драма жанрида суратга олинган ''Ёлғон дунё'' картинасига насиб этди. Май ойида тақдим этилган картина ойлик рейтингларимизда етакчи ўринларни эгаллаганини алоҳида таъкидлашимиз зарур. Фильмда бош қахрамонлар образларини Отабек Муталхўжаев, Каниза, шунингдек актриса Саида Саидбековалар ижро этишган. Бу картина катта экранларда намойиш этилганида ундан 2 мингдан зиёд томошабин баҳраманд бўлган.
Рейтингимизнинг 4-поғонасини трагик комедия жанрида тасвирга олинган “Қизалоғим” номли фильм эгаллади. Жаҳонгир Позилжонов режиссёрлигидаги мазкур картина таъсирчан кадрлари билан томошабин олқишига сазовор бўла олди. 3 мингдан зиёд томошабин мазкур кинофильмни кинотеатрларда томоша қилишга улгурган. Фильм ҳаётга енгил қарайдиган, фарзандининг қадрига етмайдиган, хато қилиб, ундан осонгина қутилмоқчи бўлган масъулиятсиз инсонлар ҳақида. Фильмда асосий қаҳрамон образини илк роли ҳисобланган Жаҳонгир Позилжоновнинг қизи Райҳон ишонарли ижро қилишга ҳаракат қилган.
Энг яхши фильмлар рўйхатимизнинг қоқ маркази, яъни 3-ўрин “Одамсимонлар” картинасига насиб этди. Ёш истеъдодли режиссёр Нуриддин Раҳмоннинг мазкур кинофильмидан деярли 4 минг томошабин баҳраманд бўлган. Бош ролларда Муҳаммадисо Абдулҳаиров, Наргиза Салмонова ва бошқалар.
Рейтингимизнинг 2-қаторидан “Ишдаги ишқ” картинаси ўрин эгаллади. Иқбол Мелиқўзиевнинг мазкур фильмида бош ролларни ижро этиш учун Муҳаммадисо Абдулхаиров, Наргиза Салмонова, Асқар Хикматов, Хосият Хусанова, Зухра Солиева, Жаҳонгир Тўлқунов, Шерзод Бин каби кўпчилингизга маълум ва машҳур актерларнинг иштирок этгани фильмнинг томошабинбоп бўлганини тасдиқлайди. Фильмни томоша қилиб муҳаббат истаган пайтда эмас аксинча кутилмаганда юрак чертиши, инсон эса ҳеч қачон тақдирини олдиндан била олмаслигига яна бир карра амин бўлади. Картинани томоша қилиш учун кинотеатрга 4 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган.
Ва ниҳоят, 5-ўрин! Май ойида премьера қилинган “Тилим қурсин-2” фильмига насиб этди. Жаҳонгир Аҳмедов режиссёрлигида тасвирга олинган картинага 27 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган. Комедик жанрда тасвирга олинган фильм шов-шувларга сабаб бўлди ва томошабинларнинг севимли фильмига айланиб улгурди десак муболаға бўлмайди. Ким ичса рост сўзлатадиган чой ҳақидаги фильм бу қадар катта мазмун ва моҳиятни ўз ичига олиши синчиков мухлислар эътиборидан қолмади. Бироқ, ана шу комедия орқали муаллиф, хаётда ҳар бир инсоннинг ўз сир-асрори бўлиши, очиқ-ойдин сўзлаши ҳар доим ҳам яхши оқибатларга олиб келмаслиги, одамлар ўз яқинларини беҳудага алдаб, аслида озор етказиб қўйишлари мумкинлиги каби мавзуларни ўртага ташлаган.
Дарвоқе, Жума, Шанба, Якшанба кунлари 19:10 да FM 101 тўлқини орқали “Сinema parad” дастурида “2014 йил март ойининг энг яхши кинофильмлар ТОП 5 талиги” ҳақида батафсил билиб олишингиз мумкин.