БУНЁДБЕК САИДОВДАН УНИТИБ БЎЛМАЙДИГАН ТАРОНА
Кимнидир севиб, уни унутмоқ мумкинми?! У ҳақида ўйламай қўйиш-чи?... Чинакам севги ва айрилиқнинг дардли изтироби оҳангларга кўчган дилрабо тарона 18-май куни соат 18:20 да “Ўзбегим таронаси” радиосида жаранг сочди.
Хонанда Бунёдбек Саидов ижроси ила юракларга илиқ туйғуларни ҳадя этувчи “Унут” номли қўшиқнинг сўзи Ўктам Давлатов қаламига мансуб. Мусиқани хонанданинг ўзи басталаган бўлса, аранжировкаси эса Аъзамжон Эралиевга тегишли. “Ниҳол” мукофоти совриндори ҳисобланган хонанда айни кунларда сокин тароналари билан мухлисларининг қалбини забт этмоқда.
Радио тўлқини узра янграган қўшиқ кўп сонли мухлис ва тингловчиларга маъқул келди. Қилинган қўнғироқ ва юборилган СМСларда ҳам фақатгина “Аъло” деган мақтовлар ёғилди. Бу хонанданинг ютуғи десак муболаға қилмаган бўламиз, чунки танланган мавзуда ижро дард билан хониш қилинган.
“Унут” номли композицияси омадли чиққанлигидан руҳланган Бунёдбек Саидов параллель равишда таъсирли қўшиққа клип ҳам ҳозирлаган экан. Бугун эса эксклюзив тарзда унинг премьерасини сайтимизда қарши олинг. Юракларни жумбушга келтириб, саволлар оқимига дучор этувчи видеоклипни тажрибали режиссёр Дилмурод Агзамов суратга олган. Унда ёш актриса ва актёрларнинг маҳоратли чиқишларига ҳам юқори баҳо берсангиз ажаб эмас. Марҳамат янги қўшиқ ва видеоклип премьерасини қарши олинг.