''Қашқир'' кинокартинаси премьерасидан
Яна янги фильм экран юзини кўрди. Янги таъссуротлар, янги воқеалар ва янги ҳулосалар томошабинлар диққатига ҳавола этилди. Зебо Наврўзованинг ''Қашқир'' номли кинокартинаси премьераси учун Алишер Навоий номли кино саройи томошабинлар ва кино олами вакиллари, хонандалар билан тўлди. Премьерада актёр Отабек Маҳкамов бошловчилик вазифасини ўз зиммасига олиб, аввалига хонандаларни саҳнага чорлади.
Хонанда Ризвонгул, Ҳилола Ҳамидова ҳамда Фарҳод ва Ширин дуэти ўз қўшиқлари билан барчани ҳушнуд этишди. Фильм саундтрекини яна бир истеъдод вакили Ҳуршид тақдим этди ва томошабинлар олқишларига сазовор бўлди.
Премьеранинг асосий қисми бошланиб сахнага фильм ижодкорлари кўтарилишди. Томошабинларга таништирилган актёрлар ва ижодий жамоа аъзоларини мухлислар гулдасталар билан қутлашди.
''Қашқир'' картинаси экранда акс этишни бошлади, ундаги воқеа ва ҳодисалар ҳаётда, бугунги кунимизда руй бераётганини англаб олиш қийин эмас эди.
Актёрлар Турғун Бекназаров, Наргиза Салмонова, Феруза Собитова, Маҳаммадали Наврўзовларнинг ижроси билан картина ҳаётий чиққан.
Эндигина катта ҳаётга йўл қўяётган ёш йигитлар беҳосдан, ўзи тушунмаган ҳолда ёвузлар чангалига тушиб қолиши, атрофидаги яқинларига бемеҳрлиги туфайли ўзини ёлғиз ҳис қилиши, қолаверса ўзидан кўра ожиз инсонларга беписандлик қилиб, оқибатда бунинг учун қачондир жавоб бериши мумкинлиги ёритиб берилган. Айни илм олиб, ўйнаб куладиган вақтида кайф-сафога берилиб, келажагига бепарво бўлмаслик кераклиги кўрсатилган.
Инсон ҳаётида қай йўлни тутмасин, албатта яхшиликка яхшилик билан, ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтишини ўйлаши лозим. Ўз тақдирига жиддий қараши ва ғазаб, нафрат, жаҳл устида қилинган ҳатолик бутун умрга зомин бўлиши фильмнинг асосий мавзуси қилиб олинган.
Энг олий ҳакам бу томошабинлар. Премьерадан сўнг уларнинг фикр ва мулоҳазалари фильмнинг қай даражада муваффақиятли бўлганини билдиради. Ҳар ким ўзига керакли ҳулоса чиқариб, маданий ҳордиқ олади.
''Қашқир'' кинофильми ижодкорларини муборакбод этамиз ва муваффақият тилаймиз
Фотолар муаллифи Тимур Кабуловга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз