Раъно Ярашева 60 ёшини нишонлади
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева куни кеча 60 ёшга тўлди. Халқ севган актриса туғилган кунини катта тантана билан дўстлари, оиласи ва санъат вакиллари даврасида ўтказди. Раъно Ярашевани табриклашга актёр ва актрисалар билан бирга бир қатор хонандалар ҳам ташриф буюришди. Жумладан Райҳон, Ҳулкар Абдуллаева, Дилсўз, Умидахон, Зиёда, Нигора ва бошқалар. “Менинг “Ёдингдами?”, “Сен кетдинг” қўшиқларимнинг матн муаллифи бўлган Раъно Ярашевани чин қалбимдан табриклайман” –деди хонанда Райҳон ва ушбу тароналарни ижро қилиб актрисани қутлади. Раъно Ярашева ижодий фаолияти давомида “Кўнгил кўчалари”, “Севинч”, “Чашма”, “Нотаниш”, “Виждон”, “Телба”, “Фериде”, “Ўзимдан ўзимгача”, “Сароб”, “Менинг акам бўйдоқ”, “Бевалар”, “Оқпадар”, “Айрилиқ” каби фильмларда ўзига хос роллар ижро этган.