Хуршид Арслонов рақсбоп тарона тақдим этди
Санъат оламига энди кириб келаётган ёш хонанда Хуршид Арслонов бугун ижодидаги навбатдаги қўшиғини ва қолаверса, клипини ҳам тақдим этди.
Ёш бўлса-да, шоу-бизнесда мустаҳкам ўрин олишга ҳаракат қилаётган бу хонанданинг "Ўзбегим Таронаси" радиоси орқали тақдим этган қўшиғи "Чеча" дея аталади. Шўх ва рақсбоп оҳангдаги таронанинг сўзи шахсан хонанданинг ўзига тегишли эканлигини алоҳида эътироф этиш зарур. Мусиқасини эса Фарҳод Мақсудов басталаган.
ФМ 101.00 тўлқинида илк бора жаранг сочган тарона тингловчиларнинг илиқ фикрларига эриша олди. Қўшиқнинг миллий оҳанглари кўплаб мухлисларга маъқул келгани ҳам хонанданинг ютуғидир.
Бугун сайтимиз орқали мазкур тарона учун клипни ҳам эътиборингизга ҳавола этмоқдамиз. Воҳид Ражабов режиссёрлигида тасвирга олинган клип трек йўналишида бўлиб, унда бир қатор маҳоратли актёрлар иштирокини ҳам кўришингиз мумкин.
Клипда барча иштирокчилар учун махсус либослар яратилган бўлиб, костюм танлашда Лидия Андрэ ўз ҳиссасини қўшган. Клипда компьютер графикасидан кенг фойдаланилган.
Миллий услуб ила европа услуби бирлаштирилган клипни томоша қилишингиз мумкин.