Манзура ёқимли хотираларни ёдга солувчи қўшиқни тақдим этди
Бир неча йиллик фаолияти давомида февраль ойида ўзининг илк яккахон концертини тақдим этган Манзура ижодининг ранг-баранглиги билан доим ажралиб турган. Бугун кўплаб мухлисларнинг севимли хонандасига айланган Манзура ижросидаги янги қўшиқ "Ўзбегим Таронаси" радиоси орқали тақдим этилди.
Аслида бир неча йиллар аввал яратилган ва минглаб санъат шинавандаларининг юрагидан жой олган бу қўшиқ Манзура ижросида янгича талқинда жаранг сочди. "Жанон бўламан" дея ном олган тарона кўпчиликка яхши таниш. Бу таронага замонавий ва ўзгача йўналишда янгича турда маҳоратли бастакор Аҳмад Хожиматов мусиқий сайқал берди.
Манзуранинг ижроси ила янада жонли тарзда янграган қўшиқ ФМ 101.00 тингловчилари учун ҳа кутилмаган туҳфа бўлди, десак адашмаган бўламиз.
Миллий руҳдаги тарона кўплб мухлисларнинг ҳам олқишларига сазовор бўла олди. Айни дамда вилоятлар бўйлаб гастроль сафарини уюштираётган хонанда учун ҳам илиқ ва самимий фикрлар ғоят қадрлидир. Катта ҳаяжон ила устоз санъаткорлар томонидан куйланган қўшиқни қайта ижро қилиб, мухлисларга тақдим этган Манзуранинг кўнгли бир олам шодликка тўлгани аниқ. Қўшиқни сайтимиз орқали тинглаб, баҳраманд бўлишингиз мумкин.