''Бахт ортидан...'' янги фильм премьераси
Ўзбек киноматографияси ривожланаётган даврда деярли ҳар уч кунда янги кинофильм премьераси ўтказилмоқда. Янги фильмлар, янги ғоялар ва янги чеҳралар доим киномухлисларни қизиқтириб келган. Аммо, яратилаётган ҳамма картиналарни ҳам мақтовларга лойиқ, тарбиявий аҳамиятга молик, дея олмаймиз. Бугун Алишер Навоий номли киносаройига жам бўлган томошабинлар режиссёр Жаҳонгир Аҳмедовнинг ''Бахт ортидан...'' номли янги фильм премьераси гувохи бўлдилар.
Тантанали равишда бошланган премьерани актёр Отабек Маҳкамов ҳамда бошловчи Акмал Мирзо олиб боришди. Саҳнага фильм ижодкорлари, актёрлар ва техник ходимлар таклиф этилди. Таништирувдан сўнг фильм ҳақида қисқача фикрлар билдирилиб, картина намойиши бошланди.
Сюжет жиҳатдан бошқа фильмлардан фарқ қилган сценарий, жамланган актёрлар ансамбли ва профессионал даражада суратга олинган кадрлар, фильмнинг муваффақиятини белгилайди. Янги картинада эл суйган актёр ва актрисалар билан бир қаторда ёш ижодкорлар яъни, Муҳаммадисо Абдулҳайиров, Лола Элтоева, Бегзод Муҳаммадкаримов, Соҳиб Аббосхон, Бобур Йулдошев, Диёр Маҳкамов ва Муқаддас Саъдуллаевалар иштрок этишган. Кўпгина видеоклипларда кўзга кўринган бўлса-да, катта экранда илк бор роль ижро этаётган бўлишига қарамай ўз образини ҳаққоний ижро этган Муқаддас Саъдуллаевага ҳолис томошабин сифатида юқори баҳо беришимиз мумкин. Фильм учун мусиқаларни таниқли бастакор Дониёр Агзамов яратган.
''Бахт ортидан...'' кинофильмида ҳаётимиздаги барча инсоний ҳис-туйғулар, Ватанга, фарзандга ва яқинларга бўлган меҳр-муҳаббат, оқибат, садоқат, шу билан бирга турмуш машаққатлари акс эттирилган. Ҳар бир кадр ва эпизодларни кўриб, ён-атрофимизда бизга таниш-нотаниш инсонлар билан содир бўлаётган воқеалар ёдимизга тушади. Ҳаёт аслида синовлардан иборат эканига фильм томошасидан сўнг яна бир бор амин бўласиз.
Биз эса янги кинокартина ижодкорларини премьера билан муборакбод этамиз.