“Шумтакалар” лойиҳаси меҳмони “Sado” ансамбли ижодкорлари
Ҳафтанинг ҳар чоршанба куни “Ўзбегим таронаси” радиосида меҳмон бўлган шоу-бизнес вакиллари қизиқарли ва қувноқ эфир иштрокчиси бўладилар. Таниқли радиобошловчи Турсуной Алимованинг “Шумтакалар” лойиҳаси нафақат ридотингловчиларга, балки ҳар бир келаётган меҳмон санъаткорларга ҳам бир олам қувонч бағишламоқда.
Бугунги дастур меҳмони “Sado” ансамбли яккахони Акбар Атамуҳамедов ҳамда созандалар Аброр Товмуродов, Раҳимбек Иботбековлар бўлишди. Эфир бошланишиданоқ меҳмонлар томонидан жонли ижрода куйланган тарона кайфиятни кўтариб, эфирга ўзгача файз киритди.
Дастур давомида болажонлар томонидан йўлланган турли мантиқий ва қизиқарли саволларга Акбар ҳамда ижодий гурух вакиллари бироз ўйланиб, бироз иккиланиб, ҳатто кулгуга йўйиб жавоб топишга ҳаракат қилишди. Болажонлар саволларини тинглар эканлар, меҳмонлар беиҳтиёр болалик чоғларига қайтгандек бўлишди. Қолаверса, чолғу асбоблари жўрлигида янграган жонли ижрога тасаннолар айтиш мумкин, холос.
Эфир бошланишидан аввал, “Шумтакалар” лойиҳаси ҳақида маълумотга эга эмаслиги ва айнан қандай саволлар бўлиши ҳақида сўраб-суриштирган Акбар, эфирдан сўнг “Жуда кўп бора жонли эфирларда суҳбатда бўлганмиз, аммо бу даражада қувноқ ва завққа тўла лойиҳада биринчи бор иштрок этишимиз”, дея дастур мезбонига таклиф учун миннатдорлик билдирди.
Биз ҳам ташриф учун “Sado” ансамблига ўз ташаккуримизни билдириб, келгуси ижодларига зафарлар тилаймиз.