“Юлдузли дастурхон” лойиҳасининг илк босқичи муваффақиятли ўтди

Сана: 21.05.2014 7812

“Mobi Tel Inform” контент-провайдер компанияси эстрадамиз юлдузлари иштирокида янги лойиҳани йўлга қўйди. “Юлдузли дастурхон” номли лойиҳасининг илк иштирокчиси сифатида латофатли ва гўзал Тамила танланди. 

Бугунги кунда айниқса ёшлар ўртасида ўзининг қўшиқлари ва ноодатий услубдаги видеоклиплари билан машҳурликка эришган Тамила ижодига оид 20 та саволга аниқ жавоб йўллаган мухлисгина ўзининг севимли хонандаси билан бирга кечки таом тановвул қилиш имкониятига эга бўлди. Бундай бахт эса Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг 2-босқич талабаси Сардор Усмоновга насиб этди. Пойтахтимиздаги шинам ресторанларидан бири “April Verdant Restaurant”да ташкил этилган кечки таом устидаги учрашув файзли тарзда ўтди. 

Ушбу кечада мухлис ва хонанда ўртасида ўзаро суҳбатнинг “таржимончиси” сифатида “Ўзбегим Таронаси” радиоси бошловчиси Жамшид Хожиниёзов иштирок этди. Бу жараённи ёритиш вазифасини эса ОАВдан фақат бизнинг сайт жамоаси ўз зиммасига олди.

Учрашувда Тамила ва унинг маъмури Беҳруз, “Mobi Tel Inform” контент-провайдер компанияси вакиласи Саодат Ҳакимова иштирок этди. Тамила ижодига бефарқ бўлмаган Сардор барча саволларга аниқ жавоб йўллаб, ҳақиқий мухлис эканлигини исботлади. Дастурхон атрофидаги суҳбат ҳам бевосита Сардорнинг Тамилага йўллаган саволларидан бошланди. Тамиланинг қайси чет тилларини билиши ҳақидаги илк савол билан суҳбат жараёни бошланди. Тамила рус тилидан ташқари, инглиз тилини ҳам билишини маълум қилди. Хонандалик фаолиятидан аввал Тамила нималар билан банд бўлгани ва маълумоти ҳақидаги саволлар ҳам кетма-кет йўлланди. Маълум бўлишича, Тамила иқтисод йўналишида Москва Олий даргоҳини тугатган ва хонандаликдан аввал, пойтахтимиздаги кийим дўконларидан бирида консультант бўлиб иш фаолиятини бошлаган экан.

Жамшид Хожиниёзов Тамиланинг асосан ижод борасидаги фикрлари билан қизиқди, яъни бугунги ўзбек шоу-бизнесида унинг ўрни ва илк ижод намунаси борасидаги қарашлари ҳақида савол берди. Тамила эса илк клипи ўзи учун мукаммал эмаслигини айтиб, ҳар бир қўшиқ ва клип тайёрлашдан аввал ижодий жамоа биргаликда маслаҳатлашиб иш тутишларини маълум қилди.

Суҳбат жараёнида Амира Алибекова билан ҳам ижодий тарафдан, ҳам шахсий муносабатлар тарафдан яқин дўст эканлигини айтиб, дугонаси ҳақида ҳам фикрларини билдириб ўтди.

Тамиланинг ички дунёси ҳақидаги саволлар ҳам йўлланди. Тамила муҳаббат дея аталмиш гўзал ва соф туйғуга ишонишини маълум қилди.

Суҳбат жараёни қувноқ кайфиятда ўтган бўлса-да, баъзибир саволлар Тамилага маъқул келмагани туфайли уларга жавоб беришдан бош тортди.

Хайрлашишдан аввал эса Сардор севимли хонандаси билан суратга тушди ва ундан дастхат олишга ҳам муваффақ бўлди.

 

“Mobi Tel Inform” контент-провайдер компанияси эса бу лойиҳани яна давом эттиришни режалаштирмоқда ва ҳозирда кейинги иштирокчи борасида музокаралар олиб борилмоқда. 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol