"Бахт ортидан..." фильми ижодкорлари "Ўзбегим таронаси" радиоси меҳмони
Бугун кетма-кет яратилаётган ўзбек фильмлари тобора томошабилар қалбига яқин бўлиб, уларнинг дилларидан жой олиб келмоқда. Яқин кунларда яна бир фильм кино мухлисларига тақдим этилади. "Бахт ортидан..." дея номланган картина режиссёри маҳоратли ва кўплаб кинофильмлар орқали яхши таниш бўлган Жаҳонгир Аҳмедовдир.
Ватанпарварлик руҳидаги фильм "Ватанни тил билан эмас, дил билан севмоқ керак" шиори остида тасвирга олинган бўлиб, унда бир қатор маҳоратли ва ёш актёрлар суратга тушишган. Жумладан, картинада Беҳзод Муҳаммадкаримов, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Лола Элтоева, Бобур Йўлдошев, Диёрбек Маҳкамов, Ситора Фармонова, Муқаддас Саъдуллаева каби эл суйган ижодкорларни кўришингиз мумкин. Айтиш керакки, картинада бош қаҳрамон образини гавдалантириш учун актёрлар ва ёшлар ўртасида махсус кастинг ташкил этилган. Бош роль ижрочиси Муҳаммаддиёр Лутфуллаев бир неча истеъдодлар орасидан саралаб олинган бўлажак актёрдир.
"Ўзбегим Таронаси" радиосида мазкур фильмда иштирок этган ҳам хонанда, ҳам актёр бўлган Диёрбек Маҳкамов ва актриса Муқаддас Саъдуллаева билан фильм ҳақида премьера олдидан суҳбат ўтказилди.
Қизиқарли кечган интервью жараёнида ижодкорлар қай тарзда бу фильмга таклиф тушганини, суратга олиш ишлари қандай кечганлиги борасида маълумотларни беришди. Албатта, тўғридвн иўғри эфир орқали тиннгловчилар ғҳам ўзларини қизиқтирган саволларни йўллашди.
Маълум бўлишича, "Бахт ортидан..." фильмининг суратга олиш ишлари ёз мавсумида Тошкент шаҳри ва Туркияда олиб борилган. Кўпчилик томонидан интиқиб кутилаётган фильм премьераси 21 февралга мўлжалланган.