Шуҳрат Воҳидов рақсбоп тарона тақдим этди
Миллий эстрада йўналишида самарали меҳнат қилаётган ва кўплаб мухлисларга эга Шуҳрат Воҳидов бугун янги тайёрланган қўшиғини тақдим этди. "Айланиб" дея ном олган тарона шўх оҳангга эгалиги билан кўплаб диллардан жой олса, ажаб эмас.
Одатдагидек "Ўзбегим Таронаси" радиоси орқали илк марта жаранг сочган бу қўшиқ тингловчилар томоиндан илиқ кутиб олинди. Кўпчилик рақсбоп оҳангда бўлган қўшиқнинг айнан шу жиҳатини алоҳида эътироф этишди.
"Айланиб" номли таронанинг сўзи Ботир Эргашев қаламига мансуб бўлиб, мусиқасини 2014 йилда "Йилнинг энг яхши бастакори" номинациясида ғолибликни қўлга киритган Мусохон Нурматов басталаган. Аранжировка эса Ренат Абубакиров томонидан тайёрланган.
Шуҳрат Воҳидов чет эл сафарларида тез тез бўлишидан хабардорсиз. Юртимиздан ташқарида ҳам унинг мухлислари талайгина. Янги тарона барча мухлислар учун ёқимли туҳфага айланди, десак хато бўлмайди.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Воҳидов томонидан тақдим этилган премьера таронани тинглашга улгурмаган бўлсангиз, сайтимиз орқали тинглаб баҳо беришингиз мумкин.