Ҳақиқий кўпкари томошасини акс этган видеоклип премьераси "Сурҳон" гуруҳидан
Фольклор йўналишда ижод қилувчи жамоалар орасида кўзга кўринган “Сурҳон” гуруҳи халқона қўшиқлари билан мухлислари қалбидан жой олган. Ташкил топганига бир неча йил бўлса-да, бир зум ҳам танаффус қилмай, самарали ижод қилаётган гуруҳ аъзолари ҳар бир байрам ва тантаналарда фаол иштрок этишади.
Янги йил арафасида мазкур гуруҳ ўзининг янги қўшиғи ва унга яратилган видеоклипини барча юртдошларимизга совға тариқасида туҳфа этишди.
“Ўзбегим таронаси” радиосининг премьера дастуридан жой олган “Кўпкари” номли тарона “Сурҳон” гуруҳи ижросида бўлиб, у тингловчиларга манзур келди, деб айта оламиз.
Таъкидлаб ўтишимиз лозим, “Кўпкари” қўшиғининг сўзи ва мусиқа ғояси Сундор Қорабоевга тегишли. Мусиқага сайқал беришда эса Фаҳриддин Исматуллаев ҳамда Илҳом Маматалиевлар бирга ижод қилишган.
Мазкур композиция учун "9999" студияси томонидан видеоклип тасвирга олинган бўлиб, унда мингга яқин чавандозлар ва ўн мингга яқин томошабинлар қатнашган.
“Сурҳон” гуруҳи солисти Одил Каримов:
- Клип суратга олиш жараёнида анча қийинчиликларга дуч келдик. Аввало ҳаво совуқ бўлишига қарамай бу қадар катта оламонни йиғиш осон бўлмади. Бир кун аввал қор ёққан, буни устига ҳаммаёқ лой, биз эса тепаликка чиқиб тасвирга олиш ишларини олиб боришимиз керак. Пастликда эса чавандозлар от чоптириб, улоқ тутишмоқда, яъни ҳақиқий кўпкари жараёни кечмоқда. Тепаликка лой кечиб чиқишимиз жуда машаққатли кечганига қарамай режиссёримиз истаган натижага эришдик. Яна энг қийин вазиятлардан бири махсус ҳимояланмаган ҳолда ва юпун кийимда моҳир чавандозлар орасида қўшилиб кириб кетганимизда атрофдаги иштрокчилардан келаётган зарбга чап беришни иложи бўлмади.
Ана шундай машаққатлар билан яратилган видеоклип ўйлаймизки, мухлислар кўнглидан жой олади. Марҳамат томоша қилинг ва ҳақиқий кўпкари томошасига гувоҳ бўлинг.