Билол Исҳаков илк қўшиғини тақдим этди
Куни кеча “Ўзбегим Таронаси” радиоси орқали шоу-бизнес оламига энди кириб келаётган Билол Исҳаковнинг қўшиғи “Премьера” лойиҳасида жаранг сочди.
“Ҳабиби” дея номланган таронанинг яратилиш жараёнлари ва мазкур таронанинг муаллифлари ҳақида хонанданинг продюсери сир сақлашни маъқул кўришини билдирди.
Аранжировкаси Жасур Бадалбоев томонидан тайёрланганлиги радио орқали премьерадан аввал маълум қилинди.
Айтиш керакки, Билол Исҳаков аслида анча вақтдан буён қўшиқ куйлайди, яъни бундан аввал ҳам хонанданинг кўплаб тароналари бўлган. Бироқ янги “Ҳабиби” таронаси унинг омма эътиборига тақдим этаётган илк қўшиғи ҳисобланади.
Бундан ташқари, бу ижодкор бугунги кунда эстрадамизда ўз ўрнига эга бўлишга улгурган Жасур Ғоиповнинг шогирди ҳамдир. Узоқ вақт давомида Жасур Ғоиповнинг ижодини кузатиб келган, унинг тажрибасини ўрганган Билол Исҳаков бугунга келиб ўзи мустақил равишда ижод қилишни бошлади.
Унга ижодий парвоз тилаймиз.