“Катта одам” фильмининг премьераси бўлиб ўтди
Куни кеча пойтахтимизда жойлашган “Алишер Навоий” номли киносаройида “Катта одам” кинокартинасининг намойиши бўлиб ўтди. Мазкур тақдимотда кино ихлосмандлари, ижодкорлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди. Фильм намойишини Дилшодбек Каттабеков олиб борди.
Хушовоз хонанда Отабек Муталхўжаев ўзининг рақсбоп тароналари билан томошабинларни хушнуд этиб, кино ижодкорларини премьера билан қутлади. Шунингдек, ёш ва умидли хонанда Зоирбек ҳам ўз қўшиқлари билан бирга “Катта одам” картинаси учун куйлаган саундтрекини тақдим этди. Ана ундан сўнг ижодий жамоа саҳнага таклиф қилинди. Комедия жанридаги фильмнинг асосий қаҳрамонлари болаларни ташкил этади. Ундаги воқеалар айнан шу болалар атрофида бўлиб ўтади.
Катталар ўрнида бўлишни орзу қилган болалар орзуларига эришадилар. Яъни болалар катталар ўрнида ота-оналарига қараб, уларни парваришлашади. Катталар болалар ўрнида мактаб ва боғчага боришади. Бошланишида барча болаларга хуш ёққан бу ҳолат охир-оқибат кўнгилсиз воқеаларга сабаб бўлади. Шунда бу ҳолатга сабабчи бўлган қаҳраман ҳаммасини ўз ўрнига қайтариш учун бор кучини ишга солади.
Мазкур фильмни томоша қилган мухлислар ҳамма нарса ўз вақтида бўлганлиги ҳар томонлама яхши деган хулосага келишди. Кинони сиз юртимиз кинотеатрларида 3-ноябрьдан бошлаб томоша қилишингиз мумкин.