“Геолог. Ўлимдан кучли”- бу фильм киносаноатимиз учун янгилик бўлади
Ҳаётий воқеалар асосида Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигида тайёрланган янги фильм тақдим этилиш арафасида.
Баҳор фаслида ўткир сюжетга эга экшн йўналишдаги “Геолог: Ўлимдан кучли” картинаси экранларга чиқади. Саргузаштли драма жанридаги фильмда криминал вазиятлар ҳам учрайди. Мухлиса Азизова лойиҳаси асосида суратга олинган кино режиссёри Дилмурод Масаидов.
Картинадаги воқеа сюжети ўтган асрнинг 60-йилларидан ҳикоя қилади. “Геология” факультетининг икки нафар тошкентлик талабаси амалиёт учун Новосибирскка йўл оладилар. Бироқ бу амалиёт улар учун кутилмаган воқеаларга бой бўлади. Бегона шаҳарга сафар давомида улар жангарилар ҳужумига дуч келадилар. Бош қаҳрамонлар қоронғу ўрмонда йиртқич бўрилар галаси билан сайр қилишга ҳам мажбур бўладилар. Албатта бундай “меҳмондорчилик”ни кутмаган талабалар қандай бўлмасин бу вазиятда тирик қолишга интиладилар. Асосийси жон сақлаш ва бу муаммолар гирдобидан ҳалос бўлиш уларнинг бош мақсадига айланади.
Бу фильм шунчаки драма эмас, уни томоша қилган ҳар бир томошабин 1 дақиқага бўлса-да зерикишга ёки чалғишга улгурмайди. Сабаби картинадаги воқеалар ривожи, кутилмаган ечим томошабинни ҳайратга солиб, бефарқ қолдирмаслиги аниқ.
Фильм суратга олиш ишлари ҳам Ўзбекистонда, ҳам Россияда олиб борилди. Картинада бош ролларни Адиз Ражабов, Бобур Йўлдошев, Нозим Тўлахўжаев, Гулчеҳра Жамилова, Сайдулла Молдаханов каби машҳур актёрлар билан бирга россиялик ижодкорлар ҳам иштирок этишган.
Мазкур фильм продюссери Ойбек Абдушукуров «Ўзбекистонда илк продюссерлик лойиҳаси»га қўл урди. Картина яратилишида унинг меҳнати асосий ўринда турди. Фильм бошқа кинокартиналардан бутунлай фарқ қилгани сабаб, унинг премьераси ҳам ўзгача тарзда ташкил этилади.
Яна бир маълумот чет элда бўлиб турган ҳамюртларимизни янада қувонтириши аниқ. Сабаби “Геолог” фильмининг премьераси нафақат пойтахтимиз Тошкентда, балки Остона, Москва, Истанбул, Нью-Йорк шаҳарларида ҳам ўтказилади. Бундан ташқари, фильм намойиши фақат ўлкамизда эмас, Россияда ҳам бўлиб ўтади. Яъни Россия ҳамда Ўзбекистон кинотеатрларида бир вақтнинг ўзида намойиши бошланади.