Нюша учун Тошкент қадрдон шаҳар
Россиялик машҳур, истеъдодли ҳонанда Нюша 3-февраль куни “Истиқлол” санъат саройида концерт дастурини ўтказди.
Маълумотларга қараганда, мазкур дастур учун Нюша ўзининг 18 нафар раққосалардан иборат шоу-балет гуруҳини ва ижодий жамоасини ҳам бирга олиб келди. Ўзбекистон аҳли Нюшани илиқ кутиб олди. Парда очилиб, дастлаб саҳнага раққосалар чиқишди, кейин эса Нюшанинг ўзи саҳнада намоён бўлганида ташриф буюрган меҳмонларнинг ҳайқириғи-ю олқишлари тинмади. Нюша қўшиғини якунлаб, барча билан саломлашаркан, Ўзбекистонга ташриф буюрганидан бағоятда хурсанд эканлигини, Тошкентни яхши кўришини айтиб ўтди.
Яхши биламизки, Нюша нафақат ҳонанда, балки маҳоратли раққоса ҳамдир. Тинмай сакраб рақсга тушиш билан бирга Нюша барча қўшиқларини жонли равишда аъло даражада ижро қилди. Рақсларнинг ўзаро ҳамоҳанглиги зерикишга имкон қолдирмади. Концертни шартли равишда 4 та блокдан иборат бўлди дейиш мумкин. Танаффус вақтида эса ажойиб рақс кўриниши тақдим этилди. Бундан ташқари, декорация сифатида ўрнатилган катта экранда мусиқага мос эффектли видеолар намойиш этилди.
Орадаги танаффус вақти жуда қисқа бўлиб, Нюша ҳар гал турли либосларда пайдо бўлиб, ўзининг ритмик тароналари билан барчанинг дилини илитди. Томошабинларнинг деярли барчаси ўтирган жойида рақсга тушиб ўтиришди. Шу сабаб ҳам ташқаридаги қорли об-ҳаво ва совуқ ҳарорат сезилмади.
Ташриф буюрган меҳмонлар орасида машҳур ўзбек эстрадаси вакилларига ҳам кўзимиз тушди. Масалан, концертга Нилуфар, Муниса Ризаева, Дилфуза Раҳимова, Отабек Маҳкамов, Каниза, Азиз Раметов, Анвар Санаев, Дилфуза Исмоилова, Райхон, Ситора Алимжонова ташриф буюришди.
Маълумот учун шуни маълум қиламизки, аслида Нюша санъаткорлар оиласида дунёга келган.
Отаси - Владимир Вячеславович Шурочкин машҳур мусиқачи, “Ласковый май” мусиқий гуруҳи аъзоси.
Онаси – Ирина Шурочкина ёшлик даврида рок гуруҳида фаолият олиб борган. Россия шоу-бизнесида Нюшанинг танилишига унинг отаси катта ҳисса қўшган. Тошкентга ҳам Нюша отаси билан ташриф буюрди. Бундан ташқари, отаси билан инглиз тилида дуэт ҳам куйлади. Мазкур тарона ижро этилаётган вақтида экранда Нюшанинг ёшлиги ва отаси билан шу даражага эришган пиллпоялари фотосуратлар орқали кўрсатиб турилди. Бу эса барчани янада ҳайратлантириб, бир олам қувонч бағишлади.
Концертдаги яна бир ёқимли чиқиш бу афсонавий Майкл Жексон қўшиғининг Нюша ижросидаги талқини бўлди менимча. Нюша бу тарона марҳум Майкл Жексон хотирасига бағишланишини айтиб, шу блокни шўх тароналари билан давом эттирди.
Концерт тугагач, атрофимиздан “Вой мазза қилдик-а, боплади”, “овозини қаренг, жонли ижрода яхши куйларкан” каби ибораларни кўплаб эшитдик. Нюша бизни яна кўплаб ташрифлар билан хушнуд қилишига умид билдирамиз!