Лолага аталган қўшиқ учун клип реал воқеаларга асосланди
Бугун “Ўзбегим Таронаси” радиосида Лола ва DJ Piligrim томонидан яратилган ва интернет оламида катта шов-шувларга сабаб бўлаётган дуэт тарона илк марта жаранг сочди.
ФМ 101.00 тўлқинида премьеа қилинган қўшиқ “Юлдуз” дея номланиб, бу дуэтни аслида DJ Piligrim Лола учун махсус тайёрлаган. Қўшиқнинг матн ва мусиқа муаллифи шахсан DJ Piligrimнинг ўзи. Жўшқин руҳдаги аранжировка эса Жасур Бадалбоев томонидан тайёрланган.
“Юлдуз” дуэти илк марта янграши биланоқ, “Ўзбегим Таронаси” радиосининг СМС-марказига тингловчиларнинг фикрлари битилган хабарлар сони тинмади. Айтиш керак, қўшиқ деярли барча учун кутилмаган бўлиб, аъло баҳога эриша олди. Радио эфирига қўнғироқ қилган тингловчилар ҳам бу дуэтнинг матни ва мусиқаси ўзаро ҳамоҳангликда яратилганлигини, Лола ва DJ Piligrimнинг ижроси эса бу дуэтнинг таъсирчанлигини янада оширганлигини эътироф этишди.
Бир пайтнинг ўзида бу дуэтга ишланган видеоклип сайтимиз орқали эътиборингизга ҳавола этилмоқда. Сюжет йўналишида тайёрланган видеоклипнинг ғояси устида бутун жамоа биргаликда иш олиб боришган.
Якунда эса реал воқеани асос сифатида танлашга қарор қилишди. Демак, реал воқеаларга асосланган видеони қарши олинг!
Ижтимоий аҳамиятга эга бўлган бу видео ҳеч бир мухлисни бефарқ қолдирмаслиги аниқ. Видео сюжети ҳаётий бўлганлиги туфайли ҳам инсонлар қалбига яқиндир.
Клип таронанинг моҳиятини очиб бера олган деб бемалол айтишимиз мумкин. Энг асосийси, клип ҳар бир мухлис учун ўзига хос хулоса чиқаришга ундайди.
Видеони томоша қилиб, бунга ўзингиз амин бўлинг!