Америкада David Guetta. Ўзбекистонда Лола?!
Халқаро "UNICEF" ташкилоти Ўзбекистонда 1994-йилдан буён фаолият олиб боради. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилган ташкилот ўзбек шоу-бизнес вакиласи билан ҳамкорлик қилишни бошламоқда.
IMAGINE кампанияси болаларга завқ улашиш, уларнинг орзуларини рўёбга чиқариш, ёруғ келажакка умид беришга қаратилган. Бу халқаро лойиҳа катта миқёсдаги хайрия акцияси бўлиб, эстрадамизнинг латофатли ва машҳур вакиласи Лола "Imagine" таронасини куйлаш ҳуқуқига эга бўлди.
Халқаро "UNICEF" ташкилотининг таклифига биноан айнан Лола лойиҳада расман Ўзбекистонни тақдим этиб, "Imagine" қўшиғини ижро этади. шунингдек, бу қўшиқ учун видеоклип ҳам суратга олинади.
"UNICEF" ташкилотининг конференциясида Джон Ленноннинг рафиқаси Ёка Она тантанали равишда бу янгиликни эълон қилди. Мазкур анжуманда чиқиш қилган Лола бу қизиқарли лойиҳа эканлигини, унда иштирок этиш шараф эканлигини таъкидлаб, болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида юртимиздаги кўплаб инсонларнинг эътиборига тушишига умид билдирди.
Яна бир қизиқ факт шундаки, IMAGINE лойиҳаси доирасида айнан бир кунда Америкада "Imagine" қўшиғини David Guetta ижро этса, Ўзбекистонда эса бу тарона Лола томонидан ижро этилади.