Август-сентябрь ойларида энг томошабинбоп фильмлар рейтинги
Анъанага кўра, www.popcorn.uz сайти август-сентябрь ойларида пойтахтимиз кинотеатрларида кўплаб томошабинларнинг эътиборини қозона олган картиналар рейтингини тақдим этади.
Маълумот учун эслатиб ўтамиз, фильмлар рейтингини тузишда кинотеатрларда сотилган чипталар сони эътиборга олинди.
Демак, рўйхатимизнинг 5-поғонасини “Кечир фарзандим” фильми банд этди. Постановкачи режиссёр Мурод Иноғомов бошчилигида тайёрланган картинада бош ролларни Адиз Ражабов, Асал Санаева, Саида Раметова ижро этишган. Тақдир синовларига дуч келган жуфтликнинг кечинмалари акс этган. Бу фильмни томоша қилиш учун кинотеатрга 7 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган.
4-поғона Соҳиб Аббосхон режиссёрлигидаги “Сўнгги нафасимгача” фильмига насиб этди. Пул ва инсон қадри, ҳаётий воқеалар акс этган картинада бош ролларни Асал Шодиева, Мирза Азизов, Фатхулла Саъдуллаев ва бошқа кўплаб актёрлар ижро этишган. Фильмдан эса шу вақт мобайнида қарийб 8 минг нафар кино шинавандалари баҳраманд бўлишган.
Рейтингимизнинг маркази бўлган 3-ўрин бир неча ойлардан бери кинотеатр экранларида намойиш этиб келинаётган “Нафс” кинофильмига насиб этди. Кўплаб шов-шувларга сабаб бўлган мазкур картинада эстрадамизнинг энг кўзга кўринган таниқли вакиллари иштирок этган. Инсоннинг нафси ва қалби ўртасидаги ўзаро кураш рамзий маънода тасвирланган картинани томоша қилиш учун кинотеатрга 8,5 мингдан зиёд томошабин ташриф буюрган.
Август-сентябрь ойлари учун энг яхши кинофильмлар ТОП-5 талиги рейтингмизнинг 2-поғонасидан комедик жанрда суратга олинган “Онам билмасин” картинаси жой олди. Жаҳонгир Аҳмедов томонидан суратга олинган фильм ўз ўрнида ва тўғри қўлланилган хазиломуз саҳналари орқали кўплаб кино мухлисларига маъқул бўлган. Бу картинани томоша қилиш учун деярли 15 минг томошабин кинотеатрларга ташриф буюрган.
Ниҳоят энг олий 1-ўрин! Бу ўрин Муҳибулло Убайдуллаевнинг “Сенсиз ҳаёт зерикарли” картинасига тегишли. Бош ролларни Беҳзод Муҳаммадкаримов, Алишер Узоқов ва Асал Шодиева талқин этган фильм сентябрь ойидан экранларга чиққан бўлса-да, қисқа фурсат ичида мазкур картинадан 16 мингдан зиёд томошабин баҳраманд бўлишга улгурган.
Дарвоқе, Жума, Шанба, Якшанба кунлари 19:10 да FM 101 тўлқини орқали “Сinema parad” дастурида “2014 йил август-сентябрь ойларининг энг яхши кинофильмлар ТОП-5 талиги” ҳақида батафсил билиб олишингиз мумкин.