Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими бўлиб ўтди
Куни кеча пойтахтдаги янги очилган “Ренессанс ҳолл” киноконцерт залида 28 сентябрдан старт олган “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали ёпилиш маросими ўтказилди. Маросим аввалида кинофестиваль тадбирлари, ижодий учрашувлар, катта премьералар, хорижий делегацияларнинг кутиб олингани ва вилоятлар бўйлаб сафарлар жамланган ролик тақдим килинди. Тошкент халқаро кинофестивалида “Энг яхши эркак роли учун” Турсунбой Пиржонов, “Энг яхши аёл роли учун” Мадина Маҳмудова ва бошқа номинациялар бўйича ғолиблар тақдирланишди. Шунингдек, “Дунё ёшлари киноси Янги Ўзбекистонда” кўрик-танлови ғолиблари ҳам аниқланди. Саҳнада уларга “Ипак йўли дурдонаси” Тошкент халқаро кинофестивалининг махсус статуэткаси ва эсдалик совғалари топширилди. Меҳмонларга таниқли хорижий ва ўзбек эстрада юлдузлари томонидан шоу-концерт тақдим этилди.