Улуғбек Раҳматуллаевнинг вилоятлар аро турнеси
Октябрь ойининг 16-17 ва 18 кунлари муҳташам “Истиқлол” санъат саройида ўзининг навбатдаги яккахон концерт дастурини намойиш этишни ният қилган Улуғбек Раҳматуллаев вилоятлар бўйлаб турне ташкил этди.
Концертга тайёрганликлар авжида бўлган бир пайтда хонанда Наманган вилоятида катта концерт дастурлари билан мухлисларини ҳушнуд этмоқда. “Соғиниб” деб номланган ўтган йилги концерти репертуари билан ташкил этилаётган мазкур тадбирлар хонанданинг концертига ташриф буюролмаган мухлислари учун шодёнага айланиб кетди.
Куни кеча Наманган шаҳрининг “Навбаҳор” стадионида бўлиб ўтган концертда йигирма мингга яқин томошабинлар ташриф буюргани бунга яққол мисол бўла олади.
- «Мухлисларим билан жонли мулоқот менга янада куч бағишлайди. Вилоятларда яшовчи мухлисларимнинг ҳаммаси ҳам концертга келолмаслиги мумкин. Лекин, мен уларни ёдимдан чиқармаслигимни таъкидлаб ўтмоқчиман. Менинг ижодимга бефарқ бўлмаган барчага ҳурматим чексиз. Биз санъаткорлар мухлисларимиз учун ижод қилишдан чарчамаймиз»,- дейди Улуғбек Раҳматуллаев.
Навбатда яна Кўқон ва Фарғона шаҳарларида концертлари билан турнени давом эттиришни режалаштирган ижодкор мухлислари томонидан бир олам ижобий, ёқимли ва ҳис-ҳаяжонли олқишларга сазовор бўлмоқда.
“Ширин орзу” деб номланган янги концертига янада куч-ғайрат йиғиб тайёргарликни давом эттиришни мақсад қилган Улуғбек Раҳматуллаевга омад ва муваффақиятлар тилаймиз.