Муниса Ризаева ва “Афруз” гуруҳини нима боғлайди?
Октябрь ойида ўзининг яккахон концерт дастурини тақдим этишни режалаштирган Муниса Ризаева “Афруз” гуруҳи йигитлари билан ижодий ҳамкорликка киришгани ҳақида маълум қилинди.
Бу ҳамкорлик тафсилотлари билан қизиққанимизда, мухлислар учун ёқимли бўлиши кутилган янгиликдан хабар топдик. Гап шундаки, эстрадамизнинг шаддод вакилаларидан ҳисобланган Муниса Ризаева “Афруз” гуруҳи билан дуэт тарона куйлади.
“Айт нега?” дея номланган тарона ёзиш истаги “Афруз” гуруҳи йигитлари ва Муниса Ризаева томонидан билдирилган. Бу истакни эса ижодкор Элдор Қаюмов қўшиқ даражасига олиб чиқди. Тайёр сўз ва мусиқа учун аранжировка Жасур Бадалбоев томонидан тайёрланган. Дуэт тарона илк марта эксклюзив равишда “Ўзбегим Таронаси” радиосида жаранг сочди. Айтиш керак, премьера сифатида тақдим этилган дуэт тарона тингловчиларнинг аъло баҳосига сазовор бўла олди. Мухлислар “Афруз” гуруҳи ҳамда Муниса Ризаеванинг ижроси ўзаро мос келганлигини алоҳида таъкидлашди.
Маълумотларга кўра, бу дуэт учун тез кунларда клип ҳам суратга олинади. Сюжет йўналишида тасвирга олиш мўлжалланган видеони тайёрлаш учун айнан қайси клипмейкер билан ҳамкорлик қилиниши борасида ҳозирча сир сақланмоқда.