Тоҳир Усмонов ўз йўналишида янги тарона тақдим этди
Эстрадамизда бир қатор қўшиқлари билан кўплаб мухлисларга эга бўлишга улгурган Тоҳир Усмонов яна бир янги ижод намунасини тақдим этди.
Бугунги кунда элимизнинг қувончли кунларида, яъни турли маросимларда ўзининг шўх тароналари билан иштирок этиб, мухлисларни хушнуд этиб келаётган хонанда Тоҳир Усмонов тақдим этган қўшиқ номи “Жаноней” дея номланади.
Мазкур қўшиқни тайёрлашда Тоҳир Усмонов бир қатор малакали ижодкорлар билан ҳамкорлик қилди. Хусусан, қўшиқнинг сўзи Бобур Умаровга, мусиқаси эса Ботир Алиевга тегишли.
Бу тарона илк марта “Ўзбегим Таронаси” радиосида жаранг сочди. Тўғридан-тўғри эфир орқали қабул қилинган қўнғироқлар орқали тингловчиларнинг холисона фикрлари билдирилди. Кўплаб тингловчилар қўшиқ айнан Тоҳир Усмоновнинг ижодий йўналишида яратилганлигини, бундан ташқари тарона рақсга чорлаши билан ҳам дилларга маъқул келганини билдиришди.
Мусиқа ва матн уйғунлигини ҳам эътироф этган тингловчилар Тоҳир Усмоновга бундан-да баланд зафарлар тилашди.