"Берлин Оққўрғон" фильмининг премьераси бўлиб ўтди
"Берлин Оққўрғон" фильмининг кенг жамоатчилик учун премьераси бўлиб ўтди. Фильмнинг илк намойишига бир қатор киноижодкорлар, режиссёрлар, актёр ва актрисалар иштирок этишди. Премьеранинг бадиий қисми аввалида Ўзбеккино Миллий агентлиги бош директори Фурқат Зокиров саҳнага таклиф этилди. Улар фильм ижодкорларига яхши тилаклар билдириш билан бирга, Зулфикор Мусоқовнинг "Онам бетоб" фильми Қозоғистонда ўтказилган кинофестивалда иштирок этгани ва унинг бош рол қаҳрамони ижрочиси Феруза Саидова "Энг яхши аёл образини яратган актриса" номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритганидан хабардор қилдилар. Актрисага фестивал мукофоти топширилди. Шундан сўнг анъанага кўра, картинанинг кадр олди ва кадр орти ижодкорлари саҳнага таклиф этилди ва томошабинларга бирма бир таништирилди. Фильмда бош ролларни Сейдулла Молдахонов, Шаҳзода Матчонова, Нигора Каримбоева, Раъно Шодиева, Ахрор ота Раҳматов, Маҳлиё Асқаралиева ва бошқалар ижро этишган.
Ушбу фильмда 1941-1945 йилларда кечган Иккинчи жаҳон урушида ўзбек миллатининг жасур ва мард ўғлонлари, шунингдек, фронт ортидаги Ўзбекистон халқининг кўрсатган беминнат меҳнатлари ҳамда инсонийлик муносабатлари акс эттирилган.