"Илм дарахти" номли ҳужжатли фильм яратилади
Юртимизда миллий кинематография соҳасини ривожлантиришда тараққий топган хориж мамлакатлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш анъаналари давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия бошчилигида “Корея ўқув дастурлар телекомпанияси” (EBS)мутахассислари юртимизнинг кўҳна шаҳарлари бўлмиш Самарқанд ва Бухорода Ислом маданиятининг ривожланишига оид “Илм дарахти” номли ҳужжатли фильм яратиш лойиҳасини бошлаб юборишди. Фильмда бебаҳо Ўзбекистонимизнинг бой маданият ўчоқлари саналган масжидлар, хонақоҳлар, тарихий-меъморий обидалар, Самарқанд қоғози устахонаси, қадимий Афросиёб шаҳри, музейлар, зиёратгоҳлар, турли илм даргоҳлари ҳамда тарихда яшаб ўтган буюк алломаларимизнинг илмий мероси ҳақидаги кадрлар суратга олинади. Мазкур лойиҳа Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Дин ишлари қўмитаси, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ва “Ҳунарманд” уюшмаси каби ташкилотлар ҳамкорлигида тайёрланган.
Қувонарлиси, фильм постановкасида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг малакали мутахассислари ҳамда иқтидорли талабалари иштирок этишади. Ҳамкорликдаги лойиҳада режиссёр ва оператор - институтнинг “Овоз режиссёрлиги ва операторлик маҳорати” кафедраси мудири, доцент Иқбол Мелиқўзиевдир. Ҳужжатли фильмнинг суратга олиш ишларига 30 мартдан старт берилади. Ҳозирда барча техник қурилмалар, зарурий декорациялар, мутахассисларнинг танлов жараёнлари қизғин кетмоқда. Фильм намойиши жорий йилнинг июнь ойига мўлжалланган.. Ўйлаймизки, эзгу мақсадлар йўлида яратилажак “Илм дарахти” фильми она Ватанимизнинг муқаддас тарихини, бой маданий ва адабий меросини дунёга ёйишда яна бир муҳим санъат асари бўлиб хизмат қилади.