Туркиялик супер юлдуз “SCORPION”да суратга тушади
“Осиё” сериалидаги Демир роли билан ўзбек томошабинларига яхши таниш бўлган машҳур турк актёри Мурат Йилдирим Мухлиса Азизованинг “SCORPION” фильмида суратга тушади. 5 март куни Ёш киноижодкорлар кенгаши раиси ҳамда фильм продюсери Ойбек Абдушукуров Мурат билан Истамбул шаҳрида шартнома имзолади. У “Буюк ёлғон” (2004), “Тўфон” (2006), “Осиё” (2007-2009), “Ишқ ва жазо” (2010), “Тун қироличаси” (2016) сериалларидаги роллари билан мухлислар қалбидан жой олган. Шунингдек, актёр иштирокидаги “Адабий ишқ”, “Сукут” ва бошқа фильмлар катта шуҳрат қозонган.
Мурат Ўзбекистонга рафиқаси, марокашлик машҳур актриса ва модел Имане Эльбани билан бирга ташриф буюради. “SCORPION”да Мурат Йилдирим суратга тушадиган саҳналар Бухоро вилоятида суратга олинади. Унинг айнан қайси образда чиқиши ҳозирча сир тутилмоқда.
Мазкур фильм Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда Кинематографияни ривожлантириш маркази томонидан суратга олинмоқда.