“Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм ҳақидаги барча маълумотлар тақдим қилинди

Сана: 30.05.2017 3365 қайноқ

 “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм ҳақидаги барча маълумотлар тақдим қилинди

Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги Доимий вакили Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи Тимур Тилляев Ўрта асрлар буюк алломаси ва мутафаккири Мирзо Улуғбек ҳаёти ва илмий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи “Мирзо Улуғбек. Осмон тоқига қўйилган нарвон” номли ҳужжатли фильм яратилишида кинопродюсер сифатида иштирок этди. Фильм режиссёри Баҳодир Юлдошев ушбу кинокартинада XV асрнинг буюк астрономи ҳамда Мовароуннаҳр ҳукмдори ҳаётидаги фожиалар, мушкулотлар ва зафарларни акс эттиришга ҳаракат қилди.

Ушбу ҳужжатли фильм яқин орада Искья ва Венецияда (Италия) бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро кинофестивалларда иштирок этиши режалаштирилган. “Бу улуғ инсон ҳақида фильм яратиш ғояси менда кўп йиллар аввал пайдо бўлган. Таъбир жоиз бўлса, Мирзо Улуғбек шахси мени болалагимдан ўзига мафтун этган. У наинки қомусий билимлар эгаси, етук олим ва сулҳпарвар ҳукмдор, ўз даври учун фавқулодда саналган хислатлар соҳиби ҳам эди. Сирасини айтганда, Улуғбек замон ва макон сарҳадларини ошиб ўтган умрбоқий сиймодир”, – дея таъкидлайди Лола Каримова-Тилляева фильм томошабинлар эътиборига ҳавола этилишини маълум қилар экан.

“Ушбу кинокартинани Ўзбекистонда туғилиб ўсган, мавзуни теран ҳис этадиган ижодкор яратиши керак эди. Бу жиҳатдан, Баҳодир фильмни суратга олиш ҳақидаги таклифимизни мамнуният билан қабул қилганидан хурсандман. У кўз очиб юмгунча улуғ олим ва ҳукмдор яшаган даврга шўнғиб кетди”.

Соҳибқирон Амир Темурнинг невараси бўлмиш Мирзо Улуғбек дунё илм-фанида ўчмас из қолдирган. Самарқанд унинг ҳукмронлиги даврида астрономия соҳасида тадқиқотлар ўтказиладиган халқаро марказга айланди. Улуғбек бунёд эттирган муаззам расадхонада ўз даврининг пешқадам олиму фузалолари жам бўлган эди. Аллома тартиб берган астрономия жадвалида 1118 та юлдузнинг ҳолати ва жойлашуви муфассал баён этилган. У ҳисоблаб чиққан йил узунлиги натижалари эса замонавий ҳисоб-китоблардан атиги 25 сонияга фарқланади. Буюк олим, шунингдек, Ер сайёраси ўқининг оғиш бурчаги 23,52 градусни ташкил этишини аниқлади, ушбу илмий натижа ҳам ҳозирга қадар энг аниқ кўрсаткич дея эътироф этилади.

“Кенг дунёқараши ва теран тафаккури билан ўз даври ва замондошларидан илгарилаб кетган олим, таассуфки, жаҳолат ва разолат қурбони бўлди”, – дея мулоҳазаларини давом эттиради Л. Каримова-Тилляева.

Фильмда АҚШ, Франция, Буюк Британия, Дания, Россия, Ўзбекистон ва Нидерландиянинг етакчи олим ва мутахассислари Мирзо Улуғбек ҳаёти ва фаолияти хусусидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашади.

Фильмни суратга олишда Оксфорд университетининг Бодлиан кутубхонаси, Британия музейи, Франциянинг Observatoire de la Cote d’Azur расадхонаси ҳамда Оксфорднинг St. John’s коллежи ва Илм-фан тарихи музейи артефактлари, қўлёзмалари ва экспонатларидан фойдаланилди. Суратга олиш жараёни Пристон университети, Гриффит расадхонаси ва Калифорния университетида ҳам олиб борилди.

Кинокартинада жаҳон киноси юлдузлари Винсент Кассель, Арманд Ассанте, Франциско Овалле ҳамда миллий кино усталаримиздан Маъруф Отажонов, Жавоҳир Зокиров ва Ҳошим Арслоновлар иштирок этди.

Фильм мусиқаси эса 1999 йилда “Титаник” киносига ёзилган “My Heart Will Go On” қўшиғи учун “Гремми” мукофотига сазовор бўлган Ҳолливуднинг машҳур бастакори Уолтер Афанасьефф томонидан махсус яратилди.

Беназир хонанда Севара Назархон ижросидаги саундтрек эса фильмга ўзгача жозиба бахш этди.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol