Муродбек Қиличевнинг икки кунлик яккахон концерт дастури ҳақида батафсил
Иқтидорли ижодкор, нафақат Хоразм аҳлини балки, бутун халқимиз меҳрини қозонган хонанда Муродбек Қиличев 1, 2 май кунлари пойтахтимизда ўзининг икки кунлик яккахон концерт дастурини тақдим қилди.
“Табассум қил” деб номланган мазкур дастур аввалроқ айтиб ўтганимиздек устоз санъаткор Комилжон Отаниёзов таваллудининг 100 йиллигига бағишланди. Дастур уч қисмдан иборат бўлиб, унда жами 22 та қўшиқ ижро этилди. Шундан жами 17 та тарона янги, қолгани эса мухлислар қалбидан жой олган мусиқий асарлардир.
Концерт режиссёри Даврон Собуровнинг берган маълумотларига кўра, Муродбек Қиличев ижодидаги етти йиллик танаффусдан сўнг яна мухлисларини хушнуд этишга, ушбу концерт орқали уларнинг меҳрини туйишга бор кучини сарф этиб ижод қилмоқда. Концерт учун у 2 ой мобайнида тайёргарлик кўрди.
Дастур учун Ҳулкар Абдуллаева билан ҳам дуэт тарона ёзилди. Хоразмча қўшиқлар учун Хоразмдан алоҳида рақс дастаси ташриф буюрди. Эстрада йўналишидаги қўшиқлар учун эса Тумор рақс ансамблининг гўзал қизлари рақс саҳналаштирди.