ДИЛШОД ҲОЛИҚОВ АСЛИДА КИМНИНГ ШОГИРДИ?
1 май санасининг соат 18:20 да премьера қилиниши белгиланган Дилшод Ҳолиқовнинг “Дона-дона” деб номланган янги қўшиғи “Ўзбегим таронаси” радиоси тўлқинида жаранг сочди.
Қўшиқ матни Якзонга, мусиқаси Бахтиёр Бердиевга, аранжировкаси эса Азиз Йўлдошевга тегишли “Дона-дона” композицияси чинакамига сизни рақсга чорлаши аниқ. Ҳатто, эфир вақтида бошловчи Турсуной Алимова таронани диққат билан тинглар экан, бир-икки ҳаракатларни ифода этиб, бош ва елкаларни қўшиқ жарангининг сўнгги сонияларига қадар қимирлатиб турди.
Тан олиб айтиш керакки, тарона ҳақиқатдан ҳам рақсбоп. Унинг оҳанглари эса сўзга ҳам, мусиқага ҳам мутаносиб. Хуллас, “Дона-дона” таронасини тинглаган мухлислар ҳам қўшиқни аъло даражадаги “Супер тарона” дея эътироф этишди. Бошловчи билан хонанда қилган кичик суҳбат жараёнида Дилшод Ҳолиқов ҳақида кўплаб маълумотлар ошкор бўлди.
Хонанданинг айтишича, у бундан бир неча йиллар аввал машҳур хонанда Самандарга шогирд тушиб унинг концертида илк бора чиқиш қилган экан.
Мана шундан сўнг мухлислар эътиборига тушиб, ижод оламига шўнғиган. Бироқ маълум вақт ижодий танаффус эълон қилган Дилшод Ҳолиқов фақат устоз санъаткорлар ҳамда таниқли юлдузларнинг ижодини кузатиб турган. Орадан бироз вақт ўтгач эса яна шижоат билан ижодга қайтди. Балки бу билан хонанда ўз йўналишини излагандир. Ҳар ҳолда ижодга қайтиш шўх ва рақсбоп тарона ила амалга оширилгани мухлисларининг сони кўпайишига замин яратди десак хато қилмаган бўламиз.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз даркорки, хонанда ниҳоятда самимий ва очиқкўнгил йигит экан. Бунга суҳбат жараёнини кузата туриб амин бўлдик.
Сайтимизда премьера қилинган “Дона-дона” таронасига видеоклип ҳам суратга олинган. Тез кунларда унинг премьерасини қарши оласиз. Ҳозирча эса янги шўх қўшиқнинг юқори ҳароратидан баҳраманд бўлинг!