Хонанда Лоладан кутилмаган клип тез кунда!
Ноябрь ойида бўлиб ўтадиган яккахон концерт дастурига қизғин тайёргарлик олиб бораётган Лола “Билмайсан” номли янги тарона яратгани ҳақида маълумот берган эдик. Бу композиция 7-ноябрь куни юртимизнинг етакчи радиотўлқинлари узра жаранг сочиши ҳам маълум. Бугун кутилмаганда хонанда айнан мазкур қўшиққа видеоклип тасвирга тушириш ишларини бошлаб юборди. Биз эса суратга олиш майдончасига ташриф буюриб, кечаётган жараённи кузатишга аҳд қилдик.
“”Билмайсан” – бу қўшиқнинг яралиш тарихи шундай кечди. Мен тез-тез турли хил қўшиқлар яратиб тураман ва уни “диктофон”га ёзиб бораман. Бироқ уни ҳеч кимга кўрсатмайман. Бир куни биз Сарвар ва Комил билан бирга янги қўшиқ устида ишлаётган эдик. Шу пайт мен ўзим ёзган эски қўшиқларимдан бирини ҳиргойи қилиб, ўз ишим устида ишлаётгандим. Буни кузатган Сарвар мендан нима куйлаётганимни сўради. Ундан эътибор бермаслигини сўрадим ва ўз ишимни бажаришда давом этдим. Сарвар мендан яна бир марта шу қўшиқни ҳиргойи қилишимни сўради ва мен уни куйлашни бошладим. Унинг олдида мусиқа асбоблари бор эди ва вақтдан фойдаланиб уларни тезда чалишга тушиб кетди.
“Бу хит, жуда зўр нақорат” – дея баҳолади ва бу “мелодия”ни охиригача яратиш кераклигини айтди. Шу пайтнинг ўзидаёқ у мазкур қўшиқ устида ишлашни бошлаб юборди. Бироқ биз бу қўшиқнинг сўзларини бошқа муаллифга қайта ёздиришга қарор қилдик. Мен ўзим Уммон гуруҳининг солисти Зоҳидга қўшиқ сўзларини ёздиришни таклиф қилдим. Чунки у жудаям иқтидорли бола. Унинг ёзган шеърлари ҳам мухлисларга манзур келади. Бу таклифимизни Зоҳид ҳам қўллади. Аранжировкани Сарвар амалга оширди. Мен учун ҳаракат қилган бу ижодкорларга ўз миннатдорчилигимни билдираман ва ўйлайманки, қўшиқ барча мухлисларга манзур келади. Клип ҳақида тўхталадиган бўлсак, икки кунлик суратга олиш ишларини ўз ижодий жамоамга айланган Санжар Макаримов, Рустам Муродов билан ҳамкорликда амалга оширяпмиз. Унда чексиз муҳаббат асирига айланган аёлнинг юрак ҳайқириғи, қалб нидоси тасвирланган. Шунинг дек бу клипда кутилмаган саҳналар ҳам мавжуд.” – дея Лола қўшиқ ва клип ҳақида сайтимиз учун маълумот берди.
Куннинг совуқ бўлишига қарамай у, ёмғир саҳнасида совуқ сув остида бор маҳоратини ишга солди. Ўз иши учун ҳар қандай қийинчиликларга дош берган хонандани кузатган кишилар ҳақиқатдан ҳам у ўта иқтидорли ва маҳоратли эканини таъкидлашди. Демак, кузатамиз. Тез кунда мазкур клип премьераси! Биздан йироқлашманг ва янгиликлардан биринчилар қаторида хабардор бўлинг.