Дилфуза Раҳимованинг 10 йиллик соғинчи
4-декабрь куни маҳоратли ва хушовоз хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилфуза Раҳимова концерт дастурининг илк куни омадли тарзда ўтди.
"Истиқлол" санъат саройига Дилфуза Раҳимованинг асл мухлислари тўпланишди. "Дил парвози" дея ном олган концерт дастури баҳорий руҳият ила кўтаринки кайфиятда бошланди.
Пардалар очилиб, шўх тарона оҳанггида Дилфуза Раҳимова саҳнага кўтарилиши билан олқишлар сони тинмади, кўплаб мухлисларнинг соғинчли қалбларига қувонч кириб келди.
Дилфуза Раҳимова меҳмонлар билан саломлашаркан, бу кунни узоқ кутганини, 10 йилдирки яккахон концерт дастури тақдим этишга имкон бўлмаганини айтиб ўтди. Шу тариқа концертга старт берилди. 1-блокда асосан шўх ва рақсбоп тароналар ижро этилди. Деярли ҳар бир тарона учун рақс дасталаридан чиройли чиқишлар намойиш этилди.
Шу ўринда, деокрация ҳақида ҳам алоҳида тўхталсак. Марказда катта экран жойлаштирилган бўлиб, атрофи эса ўзига хос безаклар ва кичи ҳажмдаги бир неча экранлар жойлаштирилган. Ўзига хос кўриниш ҳосил қилган саҳна декорацияси кўпчиликка маъқул келган бўлиши, шубҳасиз. Сабаби ортиқча деталларсиз, бироқ ўзига хос тарзда тайёрланган.
1-блок танаффусида саҳнага кулгу устаси Валижон Шамшиев чиқди ва Дилфуза Раҳимовани концерт дастури билан қутлаб, ўз хазиллари билан келган меҳмонларнинг юзларига табассум улашди. Валижон Шамшиев ўзининг йўналишга хос репертуаридаги ҳазиллари билан меҳмонлар янада жонланишди.
2-блок эса айни вақтда деярли барча радиостанцияларда жаранг сочаётган ва мусиқий телеканалларда ҳам клипи намойиш этилаётган "Ле ле" таронаси билан бошланди. Ёшларбоп мавзудаги шўх оҳангдаги қўшиқ ўз мухлисларни топишга улгурган, десак хато бўлмайди.
Шунингдек, бу блокда таъсирчан тароналар янгради. Улар орасида эркакларга бағишланган таронани алоҳида айтишимиз зарур. Ҳаётий сатрлар битилган тарона кўплаб меҳмонларга манзур келди ва олқишлар билан қарши олинди.
Дилфуза Раҳимова ўз отасига атаб ҳам қўшиқ куйлади. Ана шу онда хонанданинг отаси юрагида фахр туйғусини ҳис қилгани аниқ.
Шунингдек, Дилфуза Раҳимованинг армонлари битилган тарона ҳам янгради. "Қанийди ҳозир онам ёнимда бўлсалар..." дея сўз бошлаган Дилфуза Раҳимова кўз ёшларини тутиб тура олмади. Таронанинг ҳар бир сатри ҳам мухлислар қалбига кириб бориб, уларнинг ҳам кўзларини намлади.
Умуман олганда, Дилфуза Раҳимованинг концерт давомида куйлаган ҳар бир таронасининг матни чуқур маънога эгалиги билан ажралиб турди. Хонанданинг ўзи ҳам шеър танлашда талабчан эканлигини маълум қилганди.
Концерт давомида ёш ва истеъдодли хонанда Музаффар Мирзараҳимов билан дуэт тарона ижро этилди. Ёмғирлар, армонли муҳаббат ҳақидаги таронани мухлислар илиқ кутиб олишди. Танаффусда эса Музаффар Мирзараҳимов репертуаридаги тароналар билан меҳмонлар дилини шод айлади.
Концертнинг 3-блоки асосан миллий йўналишдаги ва рақсбоп тароналарга бағишланди. Концертда сурхонча, бухороча, хоразмча қўшиқлар ҳам ижро этилди. Бу қўшиқларга кўплаб меҳмонлар рақсга тушишга ҳам муваффақ бўлдилар.
Концерт дастури она Ватанимизни тараннум этувчи тарона билан якунланди. Катта экранда эса юртимиз эришган ютуқлар намойиш этилиб турди. Шу тариқа, концертнинг илк куни омадли ўтди. Бугун эса 2-куни бўлиб ўтадиган концерт муваффақиятли ўтишига тилакдошмиз.