Сардор Раҳимхондан катта премьера “Дунёни беринг болажонларга”
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Сардор Раҳимхон “Дунёни беринг болажонларга” номли янги қўшиқ ва клип устида иш олиб бораётгани ҳақида маълум қилган эдик. Ижтимоий тармоқлар орқали шиддат билан тарқалаётган мазкур клипнинг трейлери барчани қалбини ларзага келтирмоқда. Мухлислар сабрсизлик билан тарона ва клип намойишини кутишди. Мана мухлислар кутган вақт келди. Хонанда Сардор Раҳимхон “Дунёни беринг болажонларга” номли қўшиғи ва унга ишланган клипини халқимиз ҳукмига ҳавола қилди. Тарона ва клипни тақдим этар экан, хонанда қўшиқни яралиш тарихига алоҳида тўхталиб ўтди.
“-Бу қўшиқ кутилмаганда яратилди. Интернет, телевидение орқали дунёда бўлаётган воқеаларни кўриб, юрагим эзилиб кетди ва болажонларга атаб бирор бир қўшиқ ёзгим келди. Шундан кейин Хушнуд Дарвешга юрагимдан кечаётган ҳис-туйғуларни сўзлаб бердим. Мен ўйлаган ва хоҳлаган шеъримни тушуниб, ўзи ҳам таъсирланиб ёзиб берди. Бастакор Жасур Жавҳаназаров ҳам тарона мавзуси ёққанидан илҳомланиб, таъсирланиб қўшиқни мусиқасини яратди.
Қўшиқ умуман кутилмаганда ёзилди. Кўпчилик бу мустақилликка атаб ёзди деб гапириши мумкин. Ваҳоланки, бу таронани ёзиш режамизда ҳам бўлмаган. Концертда тақдим қилган янги қўшиқларимни кетма-кет намойиш қилганимда ҳам, ҳали бир йилга етадигани бор эди. “Дунёни беринг болажонларга” бу юрагимдан отилиб чиққан нидоми ёки фарёдми билмадим. Шу кунларга премьераси тўғри келиши ҳам бежиз эмасдир, қандайдир маъноси бордир? Тинч хотиржам юртда болаларимиз катта бўлаётгани, уларнинг кулгусини ўзида қанча шукроналик борлигини ўзга юртларда жон брераётган болалар тимсолида кўрсатгим келди. Ҳаётдан нолиб юрган инсонларни жуда кўп кўрамиз. Арзимаган сабабларни деб ношукурлик қилаётганлар талайгина. Ваҳоланки, биргина мен кўтарган мавзу қанча шукур қилишга арзийди. Клип ҳақида гапирадиган бўлсам, ғояси Дилмурод Каримовга тегишли. Режиссёр Жаҳонгир Ибрагимов.”- дейди хонанда берган маълумотларига қўшимча қилиб.
“Дунёни беринг болажонларга” ҳозироқ томоша қилинг.