“СЕВГИ ОВЧИЛАРИ” ФИЛЬМИ ИЖОДКОРЛАРИ МЕҲМОН БЎЛИШДИ

Сана: 03.04.2014 4331

Ёш ва истеъдодли кинорежиссёр Суръат Исломов “Севги овчилари” дея номланган комедия жанридаги янги фильмни суратга олди. 

 

Фильмнинг премьераси 4-апрел куни “Киночилар уйи” ҳамда “Алишер Навоий” кинотеатрларида бўлиб ўтади. Фильм ижодкорлари 3-апрел куни соат 13:00 дан 14:00 га қадар “Ўзбегим таронаси” радиоси меҳмони бўлишди. Бошловчи Раъно Алимова фильм режиссёрлари Суръат Исломов ҳамда Нигора Исмоилова билан бирга бош роль ижрочилари Севара Солиева ҳамда унинг кинодаги жуфти Мердан Матвелиевларни самимият билан қарши олди. 

Суҳбат ниҳоятда қизиқарли ва қувноқ кайфиятда ўтди. Айниқса суратга олиш жараёнида бўлиб ўтган қизиқарли ва кулгили воқеалар ёдга олиниб, эфир давомида бир зумгада зерикиш сезилмади.

Мафтункор актриса Севара Солиеванинг қизиқарли ҳикоялари эса суҳбатни янада қизғин тус олишига туртки берди.

Унинг айтишича, тасвирга олиш ишлари ёз ойларига тўғри келганлиги сабабли, иссиқ ҳаво ҳароратидан бироз  ноқулайликларга дуч келган экан.

Аммо, ижодий жамоадагиларнинг барчаси олдин ҳам бир-бирларини яхши танишгани учун бошқа қийинчиликлар туғилмаган.  Фильм айни кунда ёшлар орасида содир бўлувчи ҳаётий воқеаларни комедик йўналишда тасвирлаб беради. Унда бирор воқеа насиҳат ёки маслаҳатдек ғашингизга тегадиган даражада акс эттирилмаган. Аксинча, ҳазил тариқасида томошабинни хулоса чиқаришга ундайди. 

Фильмда режиссёр Суръат Исломовнинг ўзи ҳам бош рольда намоён бўлади. Шунингдек истеъдодли актёр, устоз санъаткор Баҳодир Аҳмедовни ўзгача қиёфада кўришингиз мумкин. Эслатиб ўтамиз, Суръат Исломов шу кунга қадар “Қўчқор аканинг коптоги”, "Туйдан кочганлар" каби кинокомедияларни суратга олган.  

 

Яна бир қизиқарли маълумот: Суръат Исломов ҳамда бош роль ижрочиси Мердан Матвелиев бирга фильм учун саундтрек куйлашган. Қўшиқ номи “Ўзбегим қизлари”. Тарона аъло даражада куйланган. Қўшиқ эфир вақтида ҳам ФМ 101 тўлқинларида жаранг сочди.  

“Ўзбегим таронаси” радиосининг меҳмони бўлган ёш ва истеъдодли ижодкорлар суҳбат ниҳоясида устозларига минатдорчилик билдириб хайрлашишди.

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol