Сардор Милано янги таронасининг тақдимоти ўтказди
Ёш бўлишига қарамай, ўз санъати ва маҳорати билан нафақат юртимизда, балки, дунё миқёсида шуҳрат қозонаётган, турли миллатга мансуб мухлисларни ўз ижодига шайдо этган Сардор Милано “В небо” қўшиғининг тақдимотини ўтказди.
Пойтахтимизда жойлашган нуфузли масканлардан бирида ташкил этилган мусиқий кечага Сардор Миланонинг энг яқин дўстлари, яқинлари, ҳамкасблари ва ОАВ вакиллари таклиф этилди. Ушбу дастур ўта файзли ва жуда ҳам мазмунли бўлди десак янглишмаймиз.
Мусиқий кечага ташриф буюрган меҳмонларга хонанда миннатдорчилик билдириш билан бирга бир нечта тароналарини ижро этиб келганларни янада хушнуд қилди. Ташриф буюрганлар унинг маҳоратига яна бир бор тан беришди ва уни узоқ ва давомий қарсаклар билан олқишлашди. Кетма-кет куйланган композицияларни тинглаб, оҳангидан маст ҳар бир томошабин унга улкан зафарлар тилашди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хонанда ташриф буюрган ҳар бир меҳмонга ўзининг янги альбомини ҳам улашди. “Время сказать...” деб номланган альбомдан 9та қўшиқ ўрин олган. “Grazie”, “Con te partiro”, “Nella fantasia”, “Now we are free”, “J’y crois encore”, “ Who want’s to live forever”, “Victoria”, “С новым годом крошка”, “В небо” тароналаридир.
Тақдимот сўнгида хонандага ташриф буюрганлар ўзларининг илиқ ва самимий тилакларини билдиришди ва унга улкан зафарлар тилашди. Биз ҳам хонанданинг ижодий ишларига омад тилаймиз ва келажакда режалаштирган барча орзулари рўёбга чиқишига тилакдошмиз.