“Ёшлар ҳафталиги” доирасида ўтказилаётган намойишлар ҳақида
Аввал хабар берганимиздек, “Ёшлар ҳафталиги” доирасида ўтказилиши режалаштирилган бир қатор лойиҳалар ўз ишини бошлаб юборди. Куни кеча мазкур ҳафталикнинг иккинчи куни ҳам самарали якунланди.
“Ёшлар ҳафталиги”нинг иккинчи куни дастуридан ўрин олган “Ёшлар модаси ва дизайни” фестивалининг намойиши бўлиб ўтди. Ёшлар ижод саройида бўлиб ўтган ушбу тадбирнинг дастлабки қисмида миллий мато атлас ва бошқа матолар уйғунлигидаги замонавий либослар тақдим этилди.
Шунингдек, кузги ва баҳорги мавсум учун мўлжалланган кийимлар йиғилганларга манзур бўлди.
Тадбирнинг иккинчи ярмида юртимизнинг таниқли хонандалари иштирокида концерт дастури ўтказилди. Унда Шаҳзода, Улуғбек Раҳматуллаев, Райхон, Муниса Ризаева, Умидахон, “Уммон” гуруҳи ва бошқалар ўзларининг шўх ва дилтортар қўшиқлари билан йиғилганларни хушнуд этишди.