Улуғбек Раҳматуллаевнинг концерт дастуридан батафсил
Эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Улуғбек Раҳматуллаевнинг жорий йилдаги “Ёшлик қайтмайди” деб номланган яккахон концерт дастурининг куни кеча илк куни бўлиб ўтди. Мазкур дастурга ташриф буюрганлар ҳаяжони, концерт дастурини орзиқиб кутганлигини уларнинг нигоҳларидан сезиш қийин эмас эди. “Истиқлол” санъат саройининг зали мухлислар билан лиммо-лим. Ҳамманинг нигоҳи саҳнада. Улар хонандани давомли олқишлар билан чақиришди.
Томошабинларни кўп куттиришни истамаган Улуғбек Раҳматуллаев шу пайт ёрқин саҳнада “оппоқ кабутарлар” билан бирга пайдо бўлди.
Концерт дастурини “Кабутарлар” қўшиғи билан очиб берган хонанда дастурни анъанага мувофиқ ўзи олиб борди. Хонанданинг ижодига ярашадиган декорация, чироқлар билан бирга раққосаларнинг рақси уйғунлигида бир қатор дилга яқин тароналар ижро этилди.
Улуғбек Раҳматуллаев ваъда қилганидек, кўпгина янги қўшиқлар ҳам мухлисларга армуғон этилди. Мазкур концертнинг илк кунидаёқ хонанданинг ҳамкасблари ва дўстлари уни қўллаб қувватлаш мақсадида ташриф буюришди. Жумладан, Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков, Шукрулло Исроилов, Ўзбекистон халқ артисти Гулсанам Мамазоитова, Жаҳонгир Позилжонов, Жавлон Шодмонов, Халимахоним, Отабек Муталҳўжаев, Умар Шамсиев, Даврон Эргашев ва бошқалар.
Концерт давомида мухлислар ҳам кулиб, ҳам йиғлаб қўшиқларни тинглашди. Узоқ ва давомли олқишлар билан хонандани табриклашди. Янги қўшиқларидан бири оналарга бағишланган бўлиб, видеоклипи билан бирга тақдим этилди. Ана ундан сўнг хонанда волида-ю муҳтарамасига гулдаста тақдим этди. Шунингдек, бундан 10 йил олдин яратилган “Ёрим ёнига борсам...” мисралари билан бошланувчи қўшиғи билан рўй берган қизиқ воқеани сўзлаб берди. Мазкур қўшиқнинг муаллифи, Улуғбек Раҳматуллаевнинг устози Фаррух Бадалбоевга раҳмат айтиб, у билан ҳамкорликда яратилган янги “Бинафша” композициясини ижро этди. Шу билан бирга дастур давомида хонанда ижодидаги бир қатор қўшиқлар мухлислар жўрлигида куйланди.
Концертга ташриф буюрган Шукрулло Исроилов ўзининг ноодатий ҳиргойилари билан барчага табассум улашди. Дуэтларга тўхталадиган бўлсак, аллақачон хит даражасига кўтарилган эстрадамизнинг мафтункор хонандаси Шаҳзода билан куйладан қўшиғи ижро этилди. Шаҳзода билан бўлиб ўтган кичик суҳбат эса барчага хуш келди. Қолаверса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Зиёда билан янги дуэт таронадан ҳам баҳраманд бўлишди. Улуғбек Раҳматуллаев ҳар бир қўшиғини ижро этар экан, деярли ҳам бирига алоҳида тўхталиб, ёзилиш тарихи ёки, қўшиқ билан боғлиқ ёрқин воқеаларни сўзлаб берди.
Бир сўз билан айтганда концерт дастури аъло даражада ўтди. Концертга келганлар армонда, келмаганда дармонда қолди. Чипта олмаган мухлислар эса концертнинг диски сотувга чиқишини кутишга мажбур. Бироқ саҳнада ўтириб барчасига гувоҳ бўлганга нима етсин. Бугун концертнинг иккинчи куни. Биз Улуғбек Раҳматуллаевга омад тилаймиз. Концертнинг қолган кунлари ҳам файзли ўтишига ишонамиз.