Баҳром Назаровнинг концерт дастурига саноқли кунлар қолди
Жорий йилнинг 10-11 ноябрь кунлари ўзининг илк яккахон концерт дастурини тақдим этишни режалаштирган хонанда Баҳром Назаров айни дамда концерт дастурига тайёргарлик ишларини бошлаб юборган. Биз бугун мазкур жараёнга ташриф буюриб, ижодий жараённинг гувоҳи бўлдик.
- Концерт дастурингизга тайёргарлик жараёнлари қандай кечмоқда?
- Айни дамда биз концерт дастурига қизғин тайёргарлик кўрмоқдамиз. Янги қўшиқлар яратяпмиз. Мана бугун кўриб турганингиздек рақс саҳналари устида иш олиб боряпмиз. Концертимда “Тумор” рақс ансамблининг гўзал қизлари ўзларининг рақс дасталарини тақдим этишади. Ҳозирда қўшиқларимга мос рақсларни ижро этишмоқда. Қолаверса репертуаримда ёшларбоп, фалсафий қўшиқлар билан бирга рус тилидаги тароналарни ҳам ёзиб тугалладик. Ўйлаймизки, мухлисларга манзур келади.
- Илк яккахон концерт дастурингизга саноқли кунлар қолди. Концерт олди ҳаяжонлари қай даражада?
- Концерт олди ҳаяжон 1000 фоиз (кулади). Уйқу ҳам йўқ бўлиб кетди. Мана уч кундирки кўзимга уйқу келмайди. Концерт яқинлашган сари ҳаяжон кучайиб боряпти. Концертда мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлаши албатта менга куч бағишлайди. Умид қиламанки, ҳаммаси кўнгилдагидек ўтади.
Ҳозирги кунда илк яккахон концерт дастурига тиним билмай тайёргарлик кўраётган Баҳром Назаров ҳамда унинг ижодий жамоасигаулкан мувафаққият тилаган ҳолда, янгиликларни кузатишда давом этамиз.