“Эътироф-2014” тақдимот маросимининг номинантлари билан учрашув

Сана: 10.12.2014 6180 қайноқ

“Cinema.uz” компаниясида “Эътироф-2014” тақдимот маросимининг барча йўналишларида иштирок этаётган номзодлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда тақдимот маросими бош режиссёри Саъдулла Абдуллаев йиғилган барча иштрокчилар билан ижодий суҳбат ўтказди. Номзодларнинг айримлари ўз ҳис-ҳаяжонларини биз билан бўлишишди. 

 

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева:

Аввало, бундай ажойиб байрамни бизга тақдим этаётганидан ҳукуматимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. “Эътироф-2014” тақдимот маросимида театр актрисаси сифатида номзодим қўйилишини кутмагандим. Ижод билан банд бўлгандим-у, лекин номзод бўлиб қатнашаман деган фикр ҳаёлимга ҳам келмаганди. Усмон Азим қаламига мансуб “Тонг отган тарафларда” асарини ёш истеъдодли режиссёрларимиздан бири Асқар Ҳолмўминов саҳналаштирган. Мазкур спектаклда бош ролни ижро этганман ва ана шу образ орқали номзодликка лойиқ кўрилганимдан бахтлиман.

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Матёқуб Матчонов:

Бу мукофотга муносиб кўрилганимиз бизнинг ижодимиз кимларгадир манзур экани, меҳнатимиз халқимиз томонидан қадрланаётганидан дарак. Менинг ижодимга бефарқ бўлмаган инсонлар борлиги учун ҳурсандлигимни ва миннатдорлигимни билдираман. Мукофот кимларга насиб этади, кимларга йўқ, аммо энг муҳими халқнинг эътибори.

 

“Sharq” вокал чолғу ансамбли солисти Сарвар ва Татьяна:

Кўпгина халқаро танловларда иштрок этганмиз, аммо юртимизда ўтказилаётган Давлат мукофотига номзодимиз қўйилгани бизни икки карра ҳаяжонга солмоқда. Ўз юртимизда, халқимиз томонидан оз бўлса-да, меҳнатимиз баҳолангани ўзгача ҳиссиёт бермоқда бизга. Ушбу мукофотга номзодликнинг ўзи катта маъсулият юклайди ва юқори мақсадлар сари чорлайди. Ҳақиқатдан ҳам катта синов олдида тургандек сезяпмиз ўзимизни. Истеъдодли ижодкорлар билан бир қаторда иштрок этишнинг ўзи биз учун қувончли. Сафдошларимизнинг барчаси яқин дўстларимиз, шунинг учун ҳам ўзимиз қатори уларга ҳам муваффақият тилаймиз.

 

Актёр Бобур Йўлдошев: Ҳар бир актёр унинг ижоди тан олишини истайди ва табиийки, машҳурликка интилади. Менинг номзодим қўйилганини эшитиб жуда ҳурсанд бўлдим. Сабаби, қўшни давлатларда ўтказилган халқаро кинофестивалларда мукофотланганман, аммо мамлакатимизда ўтказилаётган катта тақдимотга биринчи бор номзодланганим мен учун шараф туйғусини бермоқда.

 

 

Бастакор Шуҳрат Зокиров: “Эътироф” мукофотига лойиқ кўрилганимни билиб ич-ичимдан фаҳр ҳисси уйғонди. Номзодликга қўйилганларнинг барчаси ўзининг меҳнати билан кўзга кўринганлар, яъни мухлислар эътиборига тушганлардир. Сараланганлар орасида бўлишнинг ўзи катта бахт. Ҳар бир йўналишдаги иштрокчиларга омад тилайман. Мукофотга эришолмаганларга келгуси йилда албатта насиб этишини истаб қоламан, чунки бу йил ғолиб бўлолмаганлар янада самарали меҳнат қилиб, олдинга интила бошлайди. Бунинг ҳаммаси ўз натижасини беради, деб ўйлайман.  

Кинорежиссёр Абдувохид Ганиев:

“Йилнинг энг яхши фильми” номинациясига “Қўрғон” кинокартинамиз номзод этилганидан бахтиёрмиз. Бутун ижодий гуруҳимиз ҳаяжонда, сабаби фильм яратилишида жамоамиздаги ҳар бир ижодкорнинг ўз ҳиссаси бор. Бир нечта яхши фильмлар орасидан бизнинг меҳнатимиз маҳсули эътирофга муносиб кўрилгани, учталикка киритилгани жудаям катта шараф, деб биламан.

Телебошловчи Камола Одилова:

Аввало, номинацияга лойиқ кўрилган инсонларнинг ҳаммаси бирор соҳада ўз вазифасини, яъни фуқаролик бурчини бажаради. Ўзининг камтарона ишлари юксак мукофотга лойиқ кўрилгани, нафақат ёш ижодкорларга, балки анча йилдан бери меҳнат қилаётган турли соҳа вакиллари учун катта рағбат, десак муболаға бўлмайди.

Қорақалпоқ давлат мусиқали драма театри актёри Умирбай Қосимбетов:

Ўттиз йиллик ижодим давомида бир қатор спектаклларда бош ролларни ижро этдим, шу давр мобайнида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон халқ артисти унвонлари билан тақдирландим. Театр ва кино соҳасидаги меҳнатим улуғланганидан бениҳоя мамнунман. Бу йил иккинчи бора ўтказилаётган “Эътироф-2014” мукофоти узоқ йиллар давомида халқимиз томонидан тан олинган ижодкорларга насиб этаверсин.

 

Йилнинг энг яхшиларини эътироф этадиган тақдимот маросими номинантларига муваффақиятлар тилаб қоламиз.

 

 

       

 

 

Манзил:

Маъмурият билан алоқа

Сайт маълумотларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда, манба кўрсатилиши шарт.

Алоқа:

e-mail:info@popcorn.uz

Stop 00:00:00 Vol