Дилсўз ижросида қайта сайқалланган тарона – “Ўзбекистон”
Шоу бизнес оламида ёш бўлишига қарамай ўз мавқеига эга бўлган хонанда, Ниҳол мукофотининг совриндори Дилсўз ҳамкасбларидан қолишмаган ҳолда қизғин ижод қилмоқда.
Янгидан янги ғоялар устида иш олиб бормоқда. Айни дамда бир қатор тароналар устида ишлаётган хонанда бугун "Ўзбегим Таронаси" радиосининг премьера лойиҳаси орқали ўзининг навбатдаги композициясини тақдим этди. “Ўзбекистон” деб номланган бу мусиқий асар марҳум хонанда Ҳусниддин Ҳолиқов томонидан куйланган ва хит даражасига кўтарилиб, барчанинг қалбидан чуқур жой эгаллаган эди. Дилсўз ижросидаги янги талқини эса тингловчилар учун кутилмаган совға бўлди.
Мухлислар томонидан илиқ кутиб олинган таронанинг муаллифларига тўхталадиган бўлсак, сўзи Абдулла Ориповга тегишли, мусиқасини эса Ҳусниддин Ҳолиқов басталаган. Аранжировкаси истеъдодли ижодкор Аҳмад Ҳожиматов томонидан амалга оширилган. Дилсўзнинг маъмури берган маълумотларга қараганда, қўшиқ айнан Ҳусниддин Ҳолиқовнинг хотираларини ёд этиб куйланган ва мустақиллигимизнинг 24 йиллик шодиёнасига бағишланган.