Муниса Ризаевадан янги таронани қарши олинг - “Сакраменто”
Яккахон концерт дастурига қизғин тайёргарлик кўраётган эстрадамизнинг ёрқин юлдузи Муниса Ризаева янги ғоялар, янги тарона ва видеоклиплар устида иш олиб бормоқда.
Мухлислари учун тинмай ижодий изланишда бўлган хонанда бугун "Ўзбегим Таронаси" радиосининг премьера лойиҳаси орқали янги композициясини тақдим этди. “Сакраменто” деб номланган шўх ҳамда кайфиятни кўтариб, рақсга чорлайдиган бу қўшиқ мухлислар томонидан кутилганидан ҳам аъло даражада баҳоланди.
“Сакраменто” таронасининг муаллифи истеъдодли ижодкор Элдор Қаюмов. Аранжировкасини эса Жасур Бадалбоев амалга оширган. Радиотўлқин узра илк бор жаранг сочганидаёқ тингловчиларга манзур келган ушбу мусиқий асар ўйлаймизки, хит даражасига кўтарилиб, яккахон консерт дастурида янграйдиган қўшиқлар қаторидан муносиб жой эгаллайди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Олдинда ҳақиқий мегашов турибди. Севимли хонандангиздан энг қайноқ хабарларни биринчилардан бўлиб фақат сайтимиз орқали билиб олишингиз мумкин. Шундай экан, биздан йироқлашмаган ҳолда, кузатишда давом этинг.