Каниза қувончининг сабаби нимада?
Каниза яқиндагина “Ҳаммаси” деб номланган қўшиқ яратган эди. Мазкур тарона тингловчилар эътиборига тушиб, ижобий фикрлар ёғилганлиги боис хонанда энди ушбу таронанинг иккинчи қисмини ҳам ёзишга бел боғлаган.
Иккинчиси қувноқлиги билан биринчисидан ўтади деган гаплар бор. Дарвоқе, ижодкор ана шу қўшиққа клип суратга олишни ваъда қилди. Канизанинг айтишича, “Ҳаммаси” қўшиғининг матн ва мусиқа муаллифи S.M.G. Тўғриси, бу ҳарфларнинг маъносига биз ҳам тушунмадик. Эҳтимол, ижодкорлар вақтинчалик исмлари сир тутилишини истагандирлар. Янги қўшиқ тақдим этилганда, барча сирлар фош бўлади деган умиддамиз.
Биз эса яна бир сирнинг очилишини истаб, Канизани саволга тутдик. Аниқроғи унинг тушкун кайфиятдан чиқиб кетиш усулларини суриштирдик. Хонанданинг сўзларига қараганда, аслида узоқ вақт тушкун ҳолатда юрмас экан. Чунки кайфияти тушган пайтда, севимли қўшиқларини тинглайди, ахир қўшиқ дил ғуборини бартараф этади дейдилар.
Яна бир усули: гўзаллик салонига йўл олади. У ерни аёлларнинг бахт маскани деб ҳисобласак хато бўлмайди. Ўзига оро бериб, барча ғуссалардан халос бўлади киши.
Дўконма дўкон юриб кийим-кечак ҳарид этиш кайфият кўтаришнинг навбатдаги усули эканини маълум қилди хонанда. Янги либослар қаршисида дилхираликлар ҳам ҳижолатда!
“Кайфиятимни кўтариш учун яна ширин таомлар тановвул этаман”, деб тан олди Каниза. Буни ҳам унинг шодланиш усуллари руйҳатига киритамиз.
Мабода юрагида аламлар кўпайиб кетса, тренажёр залига йўл олади ва ҳамма ташвишларни ўша ерга ташлаб келади. Инсон қанчалар хушчақчақ бўлса, омад унга эргашаверади дейдилар. Балки ижодкор ютуқларининг сабаби ҳам ана шундадир.