Тез кунда “Дадил бўл, Камолиддин” янги кинокартина
Ўзбек киносанъати ривожланиб бораётган бугунги кунда томошабинларда танлаш имконияти юқори, шу билан бирга ижодий рақобат ҳам ривожланиб бормоқда. Режиссёрлар ва сценарий муаллифлари бугунги кунда долзарб бўлган мавзуларда ижод қилиб, халққа манзур келадиган фильмлар яратишга ҳаракат қилишмоқда. “Ўзбекфильм” киностудияси томонидан суратга олинаётган янги фильм ҳам ана шундай, бугунги кун муаммолари, қувонч ва ташвишларини ўзида мужассам этган киноасар, десак бўлади.
Элёр Хошимов режиссёрлигида яратилаётган фильмнинг ишчи номи “Дадил бўл, Камолиддин” деб номланган бўлиб, унда инсоний муносабатлар, оилавий мажоролар, ишонч ва оқибат каби мавзулар юқори кўтарилади.
Кинокартинанинг суратга олиш ишлари бир неча ойлар давомида олиб борилмоқда. Фильмда таниқли актёрлар ансамбли жалб этилган бўлиб, улардан Толиб Мўминов, Гулҳумор Абдуллаева, Миролим Қиличев, Шаҳзода Матчонова, Бекзод Муҳаммадкаримов, Рустам Каримов, Мақсад Юнусова, Шаҳзода Жўраеваларни айтиб ўтишимиз мумкин.
Айни кунларда кинокартинанинг сўнгги тасвирга олиш ишлари олиб борилмоқда, тез кунда эса монтаж ва овозлаштириш ишлари бошлаб юборилади. Сайтимизни кузатиб боринг ва фильм ҳақидаги маълумотлардан хабардор бўлиб борасиз.